Ливан шимоли ва жанубидаги ягона иккита электр станциясининг фаолияти тўхтатилганидан кейин бутун мамлакатда электр таъминоти узилди, деб хабар бермоқда Sky News Arabia.
16 август куни Primesouth электростанцияси оператори хорижий валютадаги қарзлар тўланмагани сабабли электр энергиясини ўчириши ҳақида огоҳлантирган. Гап 83 миллион доллар миқдоридаги маблағ ҳақида кетмоқда, Electricité du Liban (Ливан электр корпорацияси) шундан бор-йўғи 2 миллион долларга яқин пулни тўлаган, деб хабар беради Veto портали Ливан телерадиокомпаниясига таяниб.
Sky News Arabia манбаларига кўра, мамлакатнинг давлат муассасалари, шунингдек, Байрут халқаро аэропорти электр энергиясисиз қолган. Электр таъминотидаги узилиш туфайли Ливаннинг аксарият ҳудудларига ичимлик суви етказиб берувчи станциялар иши тўхтатилди.
2022 йилда ҳам Ливан электр энергиясисиз қолганди. Байрут яқинидаги Арамун қишлоғида электр станцияси билан боғлиқ можаро туфайли электр таъминоти узилган. У ерда маҳаллий аҳоли электр энергиясининг мунтазам узилишига норозилик билдириб, станцияга бостириб киришга уринган. Оқибатда бутун электр тармоғи ишдан чиққан. Гувоҳларнинг хабар беришича, Байрут халқаро аэропорти ҳам вақтинча қувватсизланган.
Изоҳ (0)