Тошкент шаҳар Миробод туманидаги полиз маҳсулотларини қадоқлаш цехида 6 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, вазирлик ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан Тошкент шаҳар прокуратураси ва “Ҳудудгаз Пойтахт” ГТФ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда туманнинг “Олтинкўл” маҳалласи, А.Фитрат кўчасида яшовчи фуқаро А.Ф.га тегишли полиз маҳсулотларини қадоқлаш цехида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани маълум бўлган.
Истеъмолчи томонидан газлаштириш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб фойдалангани натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга асосан тизимга жами 824 миллион 417 минг 510,4 сўм (1 миллион 249 минг 117,44 куб метр) миқдорида зарар етказилган.
Ушбу ҳажмдаги табиий газ бугунги кунда 6 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади. Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.
Газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари
Бундан олдин Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудида газ таъминоти ходимлари табиий ресурслардан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Хусусан, Избоскан туманида кўмир ёқилғисини қайта ишлаш цехига ўрнатилган электр ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиш орқали жами 374,4 миллион сўм электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Шунингдек, Наманган шаҳрида оҳак пишириш хўжалиги 4 миллиард сўмдан ортиқ табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)