Ўзбекистонда 2023 йилнинг 6 ойида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш туфайли 78,5 миллиард сўм, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш сабабли эса 231 миллиард 866 миллион сўм зарар кўрилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.
Таҳлилларга кўра, январь—июнь ойларида Ўзбекистонда 438,7 минг тонна суюлтирилган газ, 649,6 минг тонна автобензин, 536,7 минг тонна дизел ёқилғиси, 78,4 минг тонна мазут, 197,8 минг тонна полиэтилен ва 38,1 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилди.
Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 2 695 та истеъмолчи томонидан жами 242 миллион 213 минг кубометр табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг натижасида газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори 231 миллиард 866 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Январь—июль ойларида истеъмолчиларга 12 миллиард 146 миллион киловатт/соат электр энергияси етказиб берилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 миллиард 100 миллион киловатт/соат ёки 9,6 фоизга кўп.
Истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш сифатини яхшилаш мақсадида республика миқёсида 748 та трансформатор пункти алмаштирилди, 7 минг 548 та трансформатор пункти таъмирдан чиқарилди.
Вазирлик ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” берган маълумотларга кўра, июль ойида 573 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Андижон, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.