Бадиий асарларда шарқона ўлчов бирликларига дуч келамиз. Уларнинг айримлари бугунги тилимизда ҳам сақланган. Хўш, улар нимани англатади? “Дарё” колумнисти Ориф Толиб ўтмишда юртимиз ҳудудларида қўлланган узунлик ва юза ўлчов бирликлари ҳақида сўз юритади.
Бир қарич неча сантиметр?
Албатта, ҳар кимнинг қаричи ҳар хил. Лекин қарич дейилганда муайян узунлик тушунилади.
“Қизиқарли билимлар оламида” китобида ёзилишича, бармоқларнинг турли хил вазиятдаги ҳолатига кўра узунлик ўлчовлари сифатида қарич, суям, сарали, тутам, энлик каби сўзлар ишлатилган.
Масалан, қарич бош бармоқ билан жимжилоқнинг, суян бош бармоқ билан кўрсаткич бармоқнинг, сарали эса кўрсатгич бармоқ билан жимжилоқнинг ёпиқ ҳолатдаги оралиғини билдирган. Бир бармоқ энига тенг узунлик ўлчови энлик дейилган.
Ҳозирги тилда бу сўзлардан асосан қарич, тутам ва энлик қўлланади.
Демак:
1 қарич – бош бармоқ билан жимжилоқнинг ёйилган ҳолатдаги узунлигига тенг, яъни 19–20 сантиметр.
1 тутам – 9 сантиметр: арқон ёки таёқни сиқиб ушлаган қўл, тўртта бармоқнинг кенглигига мос узунлик бирлиги.
1 энлик – бир бармоқ энига тенг: 18–20 миллиметр.
Газ бир метрга тенгми?
Газ метрик система қабул қилингунга қадар минг йиллар давомида амалда бўлган ўлчов бирлигидир. Газ сўзи форсчадан ўзлашган. Аслиятда тахминан 105 сантиметрга тенг узунлик ўлчови ва шу узунликдаги чўпни англатган. Лекин ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида 0,71 метрга тенг бўлган. У аршин деб ҳам аталган.
Миллий энциклопедияга кўра, газ 3 хил усулда аниқланган. Шунга кўра, у билдирадиган узунлик ҳам турлича бўлган. Қаерда ва нима учун ишлатилишига қараб ҳам қиймати ўзгарган. Масалан, Хоразмда газ икки хил ўлчовга эга бўлган: ер ўлчаш учун, мато ўлчаш учун. Ер гази 49 бармоқ узунлигига тенг бўлган бўлса, мато гази 28 бармоқ узунлигини билдирган. Ҳозирги ҳисобда ер гази ўртача 1 метрга, мато гази эса 58 сантиметрга тенг.
Бир қулоч қанчага тенг?
Маҳмуд Кошғарий “Девон-у луғотит турк” асарида қулач сўзи қўл ва оч сўзларидан ҳосил бўлгани, қўлни оч, қулочни ёз маъносига эга эканини ёзади. Қулоч бу даврда ҳам ўлчов бирлигини англатган.
“Қизиқарли билимлар оламида” китобида ёзилишича, қулач сўзи тожик тилига қулоч шаклида, афғон тилига эса чулач тарзида ўтган бўлиб, у тахминан 165–175 сантиметрга тенг бўлган. 8 қарич бир қулоч ҳисобланган.
Қулоч қиймати ҳудудларга қараб турлича бўлган. Масалан, бир қулоч Бухорода 142 сантиметр, Фарғонада 167 сантиметр деб олинган.
Изоҳли луғатга кўра, қулоч елка баландлигида керилган ҳар икки қўлнинг ўрта бармоқ учлари орасидаги масофага тенг.
Демак, бир қулоч ўртача 140–170 сантиметр ёки 1,5 метр атрофидаги ўлчов бирлигидир.
Саржин дурадгорлар атамасими?
Бу сўзга бадиий асарларда дуч келган одам у асосан ёғоч ва ўтин билан боғлиқ ўринларда қўлланганини кўради. Бироқ саржин атамасидан фақат дурадгор ёки ўтинчилар фойдаланмаган. Бу сўз русча сажен сўзининг ўзгарган шакли. Сажен эса славянча саг – қадам, одим, етмоқ, етиб бормоқ сўзидан ҳосил бўлган. У уч газга тенг узунлик ўлчовини билдирган. Ҳозирги ҳисобда 2,13 метр.
Миллий энциклопедияга кўра, саржин 1918 йили халқаро метрик ўлчовлар тизими киритилгунга қадар ишлатилган. У ҳажм ўлчови учун ҳам қўлланган. Масалан, бўйи уч газ, эни 0,6–0,75 газ, баландлиги бир ярим газ қилиб терилган ўтин ёки урилган пахса бир саржинга тенг бўлган.
Бугун саржин сўзи истеъмолдан буткул чиқиб кетди. Бироқ эллик йил олдин ёзилган бадиий асарларда ҳам саржин сўзига дуч келиш мумкин:
Ўн-ўн беш саржинча пастда ҳайқириб сув оқмоқда. (Д. Нурий, “Осмон устуни”).
Таноб нега тортилади?
Танобини тортиб қўйди, танобингни тортаман каби иборалар қулоғингизга чалинган бўлса керак-а? Хўш, таноб нима? У нима учун тортилади?
Таноб – эски ўлчов бирлиги. У узунлик ва майдонни ўлчашда ишлатилган. Миллий энциклопедияга кўра, Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида XVII асрда 39,9 метрга тенг узунлик ўлчов бирлиги сифатида қўлланган. Танобдан юза ўлчов бирлиги сифатида ҳам фойдаланилган. Ўрта Осиё хонликларида у томонлари 60 газдан иборат майдонга тенг бўлган. Ҳозирги ҳисобда 900 квадрат метрга тенг экин майдони 1 таноб саналган. 12 таноб 1 гектар бўлган.
Шоир Муқимий қаламига мансуб “Танобчилар” сатирасида айнан ана шу майдон ўлчови – таноб назарда тутилган. Унда одамларнинг ерини ўлчаб, солиқ ҳисобловчи танобчиларнинг жабр-зулми, порахўрлиги, бугунги тил билан айтганда “мансабини суиистеъмол қилиши” тасвирланган. Шоир асар қаҳрамонлари тилидан шундай дейди:
Манки танобингға чиқибман келиб,
Хизматими яхши қилинглар билиб.
Ўт қўюбон куйдурадурғон ўзим,
Ҳокиминг-у ўзим.
Танобини тортмоқ ибораси худди шу асосда пайдо бўлган. Амалдорлар ўзи ёқтирмаган ёки қасд қилган кишига тегишли ернинг танобини ошириб ёки камайтириб, унга таъзир берган. Кейинчалик бу ҳолат иборага айланиб, маъноси ўзгариб кетган ва бўлмағур, номақбул иш-ҳаракатга чек қўйиш, шундай хатти-ҳаракатдан тийиб қўйиш маъносида қўллана бошлаган:
Хўжаликларнинг баданига зулукдай ёпишиб олган мана шунақа одамларнинг танобини тортиш керак. (А. Қаҳҳор, “Қўшчинор чироқлари”).
Бир чақирим бир километрми?
Чақирим туркий сўз, чақирмоқ феълидан ясалган. Албатта, бунда ён-атрофнинг тинч-осудалиги ҳам аҳамиятга эга. Ҳозир шаҳар шароитида овозингиз беш юз метрга ҳам етиб бормаслиги мумкин. Чақирим очиқ дала шароитида кишининг товушини иккинчи шериги эшита олиши мумкин бўлган масофадир.
Чақирим катта масофаларни ўлчаш учун Ўрта Осиёда қадимдан қўллаб келинган. Миллий энциклопедияда ёзилишича, қиймати 1 200 қадамга тенг. Агар бир қадам ўртача 0,75 метр экани ҳисобга олинса, унда 1 чақирим 900 метрга тенг бўлади.
Бироқ ХIX аср охиридан бошлаб чоп этилган адабиётларда 1 чақирим 1 500 газга тенг экани ҳақида маълумотлар учрайди. Бу 1 065 ёки 1 080 метр масофа демакдир.
Чор Россиясининг 1894 йилда рус ўлчов бирлигига ўтиш тўғрисидаги кўрсатмаси чиққан давргача 1 чақирим 900 метрга, ундан кейин эса 1 065 ёки 1 080 метрга тенг бўлган.
Турли манбаларда турлича ҳисоб-китоб қилинган бўлса-да, бир чақирим деганда одатда 1 километр тушунилади. Уни бадиий асарларда, бадиий-публицистик мақолаларда километр ўрнида бемалол қўллаш мумкин.
Тош остидаги тош
Аҳмоққа Қува бир тош ёки аҳмоққа Тўйтепа бир тош каби мақоллар бор. Нега тош? Аҳмоқ одам Қува ёки Тўйтепага борса, тош отиладими?
Бу ерда гап масофа ҳақида. Қува ёки Тўйтепа узоқ бўлса-да, аҳмоқ одам овора бўлиб бориб келаверади. Ишини бир боришда ҳал қилмайди. Калланинг ишламаслиги – оёққа жабр.
Изоҳли луғатга кўра, тош саккиз чақиримга яқин, тахминан 6 километрга тенг узунлик ўлчов бирлиги. Миллий энциклопедияда келтирилишича, амир ёки подшонинг чопарлари йўл узунлигини ўлчаётганда ҳар 8 000 қадамга тош қўйиб кетган. Бир қадам ўртача 75 сантиметр деб олинса, бир тош 6 километр чиқади. Аммо бир тош қўлланиш ўрнига қараб 8–9 километрга тенг ҳисобланган ҳолатлар ҳам бўлган.
Тошнинг форсча варианти фарсанг дейилган. Бу атамада ҳам санг, яъни тош сўзи қатнашган. У фарсах, фарзах шаклларида ҳам қўлланган.
“Бобурнома”да тош ўрнига йиғоч ишлатилган. Асарда ёзилишича, Ўш қасабаси “Андижондин тўрт йиғоч йўлдур”.
Изоҳ (0)