Йогурт, стакан, утюг, кирпич каби сўзлар асли ўзбекча экани, рус тилига туркий тиллардан ўзлашгани ҳақида мактаб дарслигида берилган маълумот ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга, ҳатто кулги-мазах ва кинояларга сабаб бўлди. Юз минглаб обуначига эга каналлар ҳам бу маълумотни истеҳзо билан танқид қилди. Аслида-чи? Озроқ китоб варақлаган, манба кўрган киши бу сўзлар рус тилига ҳақиқатан ҳам туркий тиллардан ўзлашганига амин бўлади.
Тиллар бир-бири билан мунтазам алоқада. Бир-биридан сўз олиб, сўз беради. Агар бу жараён табиий шаклда кечса, бундай олди-берди тилни бойитишга хизмат қилади. “Дарё” колумнисти Ориф Толиб бу гал туркий илдизга эга, рус тилига ўзлашиб, руслашиб кетган сўзларимиз ҳақида ҳикоя қилади.
Стакан – ёғоч коса
Ҳайрон қолаётган бўлишингиз мумкин. Лекин ростдан шундай. Фақат узоқроқ йўл юриб келгани учун танимай турибсиз холос.
Сўзлашувда одамлар стаканни истакан дейиши бежиз эмас. Чунки сўз бошида икки ундошнинг ёнма-ён келиши ўзбек тилига хос эмас. Стакан рус тили таъсирида шундай кўриниш олган. Эски ўзбек тилида, яъни чиғатойчада тўстуғон, тустиғон, тўстуған шаклида қўлланган бу сўз русчада товуш ўзгаришларига учраган: достоканъ > стокан > стакан.
“Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” тўстуғон ва тустиғон сўзини қимиз қуйиб ичиладиган идиш; ёғоч коса деб изоҳлаган:
Ҳалол она сутидекдур гар ўзбеким туца,
Тобуқ қилиб юкуниб тустиғон ичинда қимиз. (Алишер Навоий, “Хазойинул-маоний”.)
Тўстаған сўзи ҳозирги қозоқ, қирғиз, татар, бошқирд тилларида баъзи талаффуз ўзгаришлари билан ишлатилади.
Бу сўз қадимги рус тилига минг йиллар олдин ўзлашгани эҳтимоли катта. Чунки 1356 йилга оид рус ёзма ёдгорликларида достакан сўзи қайд этилган.
Батрак бир замонлар ботир бўлган
Батрак сўзи ўзбек тилида ҳам қўлланади, асосан бадиий адабиётда учрайди. Айниқса, совет даври адабиётида қашшоқ, бировга ёлланиб ишлайдиган ва жабр-зулм кўрган батрак образи кўп талқин қилинган. Ғафур Ғуломнинг “Кўкан батрак” номли асари ҳам бор. Батраклар колхозлаштириш даврида ташвиқотчилик вазифасини ҳам ўтаган.
Филологлар фикрича, батрак атамаси рус тилига туркий тиллардан, катта эҳтимол билан, татар тилидан ўтган. Таниқли рус тилшуноси Макс Фасмерга кўра, бу сўзнинг илдизи ботир сўзига бориб тақалади. Ботир сўзи эса мўғул тилига оид. Мўғул ва туркий халқларда жасур жангчилар номига ботир, баҳодир каби унвонлар қўшиб айтилган.
Рус тилига XVI асрда ўзлашган батрак бора-бора шу маънодаги бошқа сўзларни истеъмолдан сиқиб чиқарган.
Сўзнинг тақдири ажойиб. Бир пайтлар ёвларни зир титратган ботир ва баҳодирлар ўз мол-мулки бўлмаган ёлланма ишчиларга – батракларга айланган.
Чугун – эритилган мис
Чугун сўзини оғзаки тилда ишлатамиз, ҳатто русча қўшимчасини ҳам қўллаймиз. Иситиш қовурғалари ҳақида гапирганда чугунная батарея атамасига мурожаат қиламиз. Аслида бу сўз ҳам туркий асосга эга. Чугуннинг ўзбекчаси чўян бўлади. Чўян углерод билан темирдан, шунингдек, жуда оз миқдордаги бошқа қўшилмалардан иборат қотишма. У пўлат ҳосил қилиш ёки қуйма деталлар тайёрлаш учун ишлатилади.
Русча чугун ва ўзбекча чўян асли битта сўз. Сўз русчада ҳам, ўзбекчада ҳам товуш ўзгаришларига учраган. “Девону луғатит-турк”да чўдин сўзи эритиб қуйилган бир турли мис дея изоҳланган. У ҳозир қардош туркий тилларда турли талаффуз вариантларида ишлатилади.
Чўян сўзи русчага ўзлашишига XIV–XV асрларда Булғория, Болгар ва Jukeтов каби ҳудудларда темир, чўян ва пўлат ишлаб чиқариш оммалашгани сабаб бўлган.
Бу сўз туркий тилларга хитой тилидан ўзлашган деган қараш ҳам бор. Унга кўра, чўян ибораси чжу – металл қуймоқ, гунг – иш сўзларидан ҳосил бўлган.
Деньги – танганинг кўплиги
Рус тилида энг муҳим ҳаётий восита – пулнинг оти ҳам асли туркийча экани кўпчиликни ҳайратлантирса ажаб эмас. Туркий тилларда кумуш пулни англатган танга рус тилига деньга бўлиб ўтган. Кейинчалик кўплик шаклини олиб, деньги кўринишига келган. Рус тилидаги эътиборли этимологик манбаларнинг аксари бу фикрни тасдиқлайди.
Танга сўзи рус тилига XIV асрларда кириб келган. XV аср рус ёзма манбаларида ушбу сўз тенка, тенки шаклида учрайди.
Танга қадимда араб, форс, ҳинд, тибет каби тилларда ҳам турли талаффуз вариантларида қўлланган. Тангалар дастлаб кумушдан, кейинроқ мисдан зарб қилинган. Қадимги Юнонистон ва Форсда металл пуллар данака деб аталган. Олтин Ўрдада эса данг ёки даниг деб номланган. Тўғри ўйлаяпсиз, ҳар икки сўз танганинг айни ўзи. Фақат товушлари бир оз ўзгарган.
Баъзи манбаларга кўра, танга сўзининг илдизи тийинга бориб тақалади. Айрим манбалар эса русча деньги туркийча тамғадан келиб чиққан деган фикрни илгари суради. Дарвоқе, тамғадан ҳосил бўлган бошқа бир рус сўзи ҳам сизу бизга яхши таниш.
Таможня – тамға уриладиган жой
Тамға сўзи қадимда чорва ёки бошқа мулкларни ажратиш учун қўйиладиган белгини билдирган. У тақ феълига -ма қўшимчасини қўшиш орқали ясалган. Тақма вақт ўтиб, товуш ўзгаришига учраган ва тамғага айланган.
Кўчманчи турк қабилалари асосан отлари ва қимматбаҳо буюмларига тамға босган. У бу мулкнинг бирор шахсга ёки қабилага тегишли эканини билдириб турган.
Тамға Олтин Ўрда даврида Қадимги Русда савдо божини англатган.
Рус этимолог олими Лев Успенскийга кўра, тамға атамаси рус тилига III асрда кириб келган. Солиқ йиғувчилар турли ёрлиқларга қўядиган муҳр тамға, муҳр босувчилар эса босқоқ деб аталган. Чегара божи ҳам тамға деб номланган, чунки бож тўлангач, ҳужжатга тамға урилган. Шу сўздан таможня ҳосил бўлган. У тамға қўйиладиган жой, идорани англатган. Бу ерда ишловчилар таможьник, таможенник номини олган.
Лошадь – ахта от
Минг йиллар олдин рус тилида лошадь сўзи бўлмаган. От конь сўзи ёрдамида ифодаланган. Кейинчалик туркий тиллар таъсирида лошадь ҳам истеъмолга кирган.
Лошадь алаша ва от сўзларидан ҳосил бўлган. Алаша туркий тилларда от, ахта от маъноларини англатган. Туркий қавмлар орасида жуда оммалашган бу сўз Шарқий Европа тилларига ҳам кўчиб ўтган. Алаша баъзан от сўзи билан ҳам ишлатилган, русчага айни шу шакли ўзлашган. Баъзи олимлар фикрича, алаша русчага лоша шаклида ўтган, сўнг унга -дь қўшимчаси қўшилган. Украин тилида эса лоша шакли сақланган ва у қулун, тойча маъносини англатади.
Алашанинг биринчи товуши тушиб қолиши фавқулодда ҳолат эмас. Рус тилига туркий тиллардан ўтган сўзларда бундай ўзгаришлар учраб туради. Масалан, кулба, капа маъносидаги олачуқ сўзи русчага лачуга шаклида ўтган.
Лоша лошак шаклига киргач, хачир маъносига эга бўлган. Сўз сўнгидаги -к бошқа бир туркизм – ишак, яъни эшак таъсирида юзага келган.
Ералаш – аралаш-қуралаш
“Ералаш” номли болалар ҳажвий киножурналини билсангиз керак. Номи ўзимизнинг аралаш сўзига ўхшаб кетади. Лекин бу ўхшашлик тасодиф эмас. Русча ералаш айни шу аралашнинг ўппа-ўзи. Аралаш ўзбекчада қўшилган, қоришган ҳолатни англаца, бошқа туркий тилларда тартибсизлик, тартибсиз ҳаракат, ҳовлиқиш каби маъноларга эга. Ералаш русчада боши-кети йўқ тартибсизлик, чигаллик, чалкашлик, аралаш-қуралашликни билдиради.
Олимлар фикрича, бу сўз рус тилига XVIII–ХIX асрларда ўзлашган. Баъзи тадқиқотчилар ералаш дастлаб Шарқ таомларидан бири бўлгани, кейинчалик маъноси ўзгариб кетганини илгари суради. Бошқалар эса сўз дастлаб ўзлашган пайтда ҳам ҳозирги маъносида бўлган деган фикрда.
Пай ва паёк
Ҳар икки сўз ўзбек тилида ҳам қўлланади. Уларнинг ўзаги бир, лекин маъноси ҳар хил. Пай бирор ширкат, акциядорлар жамияти ишида қатнашиш учун қўшиладиган ҳисса, улушни англатади:
Кўплаб акциядорлар ўзларининг сотиб олган акция ва пайлари эвазига дивиденд, яъни даромад олишлари керак. (“Газетадан”.)
Паёк эса бирор кишига маълум вақтга мўлжаллаб бериладиган озиқ-овқат миқдори:
Дадавой ака бугун ҳар кунгидан эртароқ келди. У ойлик паёгига гўшт, ёғ, гуруч, қандни бир халта қилиб кўтариб кирди. (Ҳ. Ғулом, “Тошкентликлар”.)
Пай қадимги туркий тилда улуш, ҳисса, қуръа, чек маъноларини билдирган. Русчага ҳам худди шу маънода ўзлашган. Паёк эса пай сўзининг кичрайтириш-эркалаш қўшимчасини олган шакли. У белгиланган муддат учун белгиланган миқдорда бериладиган озиқ-овқатни англатади. Асосан ҳарбийлар орасида машҳур. Масалан, сухой паёк ибораси иссиқ овқат тайёрлаш иложсиз бўлган шароитда истеъмол қилишга мўлжалланган егуликларни англатади.
Кара, карий, караковый, карандаш
Бу сўзларнинг бари туркий қора сўзидан ўсиб чиққан. Кара кам ўзгаришга учраган, у жазо маъносида қўлланади. Карий эса қоратўриқ, айғир, жигарранг каби маъноларга эга. Қора бу ўринда бир юмалаб, жигаррангга айланган. Кароковый ҳам карийга маънодош, қоратўриқ отни англатади. Карандаш сўзи қора ва тош сўзларидан ясалгани, қалам маъносига эгалиги кўпчиликка маълум. Бу сўздаги толени қаранг, ўзимизнинг сўзимизни рус тилига бериб, унинг ўрнига узоқ юнон тилидан қаламни олиб келганмиз.
Рус тилига қора ўзакли бошқа сўзлар ҳам ўзлашган. Кара номли ва шу ўзакли бир неча жой номлари бор.
Изоҳ (0)