Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида 65 нафар фуқаронинг номига микроқарз олган шахслар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Беруний туман бўлими томонидан “АНОР БАНК” АЖ мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “Б.Р.” МЧЖ раҳбари Ш.V. ва бошқалар 65 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз сохта маълумотлар орқали уларнинг номига банк сотув шохобчалари орқали жами 981,5 миллион сўм онлайн микроқарз ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Кредит маблағларининг ўзлаштирилиши
Февраль охирларида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой ва Термиз туманларида 11 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарлари аниқланганди. Май ойида эса Сурхондарё ва Фарғонада оилавий корхоналар раҳбарлари 1,2 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитларни талон-торож қилгани тўғрисида хабар берилган эди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда давлат дастури доирасида ажратилган кредит маблағлари талон-торож қилингани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)