Бош прокуратура “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар аҳволи жойларга чиққан ҳолда ўрганилаётгани ва кўзбўямачиликка йўл қўйган мансабдорларга чора кўрилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, биргина Қорақалпоғистон Республикасида кўчатлар суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилиши ҳамда масъулларнинг эътиборсизлиги натижасида жами 333,1 минг туп кўчат нобуд бўлишига йўл қўйилган, бажарилган ишлар ҳажмига электрон платформа орқали амалда экилмаган жами 136,1 минг туп кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида эса ободонлаштириш хизмати томонидан жамоат жойларида 127,5 минг туп кўчат экилгани қайд этилса-да, амалда кўчатларнинг аксарияти (90 фоизи) қайта экиш учун мўлжалланган питомниклардаги қаламчалар бўлиб, марказий кўчаларга экилган кўчатларнинг 30 фоизи суғорилмагани ва агротехник тадбирлар амалга оширилмагани натижасида қуриб, ўсувчанлик қобилиятини йўқотган.
Сирдарё вилоятида жами 1 355 туп дарахт кўчатлари, Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида экилган 3,5 минг туп кўчатнинг ярмидан кўпи қаровсизлик оқибатида нобуд бўлган.
Шунингдек, Навоий вилояти Учқудуқ туманида 2 435 туп амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилиб, бюджетдан ажратилган маблағлар ободонлаштириш тизими ходимлари томонидан ўзлаштирилган.
“Ҳозирга келиб, ўз вазифаларини бажаришга масъулиятсизлик билан қараб, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган 29 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва идоралар раҳбарларининг қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масаласи ҳал этилмоқда”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистондаги яшил майдонлар 6 миллион 673 минг гектарни ташкил этади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт экиш белгилангани назарда тутилган. Ўтган 2021 йилда республикада 85 миллион туп, 2022 йилда жами 202,7 миллион туп дарахт кўчатлари экилган. Жорий йилнинг баҳорги мавсумида ҳудудларга 127,7 миллион туп дарахт ўтқазилган.
Изоҳ (0)