Ҳукумат қарори билан Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини субсидиялаш тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар беради Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали.
Низомга кўра, агросубсидия аграр ва озиқ-овқат соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилади. Бунинг учун агросубсидия ажратишни тартибга солувчи ишчи гуруҳга ариза билан мурожаат қилинади.
Ишчи гуруҳ аризага мувофиқ агросубсидиянинг тегишли тури бўйича бажарилган иш ва хизматларни (маҳсулотларни) жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқади ҳамда агросубсидияни ажратиш ёки уни рад этиш тўғрисидаги хулосани ваколатли давлат органига тақдим этади.
Ваколатли давлат органи ишчи гуруҳ хулосасини ўрганиб чиқиб, хулоса келиб тушгандан бошлаб 3 иш кунида агросубсидия олувчи субъектга субсидия ажратилиши ёки ажратилмаслиги тўғрисида жавоб хати юборади.
Сўнг ваколатли давлат органлари томонидан 3 иш кунида агросубсидия олувчи субъектга субсидия ажратиш бўйича тўлов ҳужжатлари Ғазначилик хизмати қўмитасига жўнатилади.
Шунга кўра, Ғазначилик хизмати қўмитаси тўлов ҳужжатларини олгач 1 иш кунида тегишли субсидия суммасини агросубсидия олувчининг банк ҳисобварағига ўтказиб беради.
Шавкат Мирзиёев 23 январь куни пахта етиштиришни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказганди. Унда давлат раҳбари Фьючерс шартномаларини солиқ органларининг электрон ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Агроплатформа” ахборот тизимига интеграция қилиш вазифасини қўйган.
Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 сентябрдан “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформаси таркибида “Агроплатформа” ахборот тизими жорий этилади.
Изоҳ (0)