Ташқи меҳнат миграцияси хорижда ишламоқчи бўлган фуқароларни айрим ташкилотлардан огоҳлантириб, уларга мурожаат қилди.
Унга кўра, хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида мамлакатда 2018 йилдан хусусий бандлик агентликлари (ХБА) фаолиятига рухсат берилган эди. Бироқ, ўтган давр мобайнида айрим ХБА томонидан фуқароларни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш ҳолатлари содир этилган.
Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, 2020 йилнинг 14 ноябридан улар фаолиятида жиддий ўзгаришлар жорий этилган. Амалдаги тартибга кўра:
- фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича лицензияга эга ХБА ахборот ва маслаҳат хизматлари учун БҲМнинг бир бараваридан, яъни 330 минг сўмдан кўп пул олиши мумкин эмас;
- шунингдек, чет эллик иш берувчи ва ҳамкори билан шартномалар тузмасдан, фуқароларга хизмат кўрсатиш тақиқланади ҳамда ушбу шартномалар ХБАнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.
Ўтган давр мобайнида ХБА реестридан 118 та юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлиб, ҳозирги кунда улардан 9 таси фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга.
Шу муносабат билан, хорижда ишга жойлаштириш ваколатига эга бўлмаган ташкилотлар ёки шахсларга ишонмасликка, турли кўринишдаги шартномаларни тузмасликка ва тўловларни амалга оширмасликка чақирилган.
“Хорижда иш таклиф қилаётган ташкилотларнинг лицензияси борлигига ишонч ҳосил қилинг. Шартнома тузаётганда, унинг шартларини ўқиб, тўлиқ тушуниб имзо қўйинг. Агар ХБА билан низоли вазиятларга дуч келсангиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига мурожаат қилишингиз мумкин”, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)