Ўзбекистонда 2023/2024-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 1 августдан бошланиши тўғрисида хабар берилганди. Бугун, 28 июлдан абитуриентларга рухсатномаларни бериш бошланди.
Абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун “Абитуриент рухсатномаси”ни “My.uzbmb.uz” сайтига шахсий идентификация рақами ҳамда паспорт серияси ва рақамини киритган ҳолда олишлари мумкин.
Абитуриентлар тест синовига паспорт (ID-карта) ва абитуриент рухсатномаси билан белгиланган вақтдан кечикмаган ҳолда келишлари лозим.
“Паспорт нусхаси ёки бошқа ҳужжатлар билан келган, шунингдек, кечикиб келган абитуриентлар тест синовларига киритилмайди”, — дейилади хабарда.
Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари ҳудудлардаги абитуриентлар сони ва тест синовлари ўтказиладиган бинолар сиғимидан келиб чиққан ҳолда 11 кундан 13 кунгача давом этади ва 13 август куни тўлиқ якунланади.
2023/2024-ўқув йили учун ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишлари учун рўйхатдан ўтган 1 018 007 нафар абитуриентларнинг 948 486 нафари тест синовларида иштирок этиши белгиланган.
Изоҳ (0)