АҚШ Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси таҳлилчилари брифинг чоғида Эрон Россияга ўз мамлакатида дронлар ишлаб чиқарувчи завод қуришда ёрдам бераётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда CNN.
АҚШ разведка хизмати вакилларининг айтишича, заводнинг ишлаб чиқариш қуввати Россия Федерациясига шу пайтгача Эрондан сотиб олинган дронлар сонидан анча кўп учувчисиз қурилмалар захирасини яратиш имконини беради.
Таҳлилчиларнинг фикрича, завод қурилиши 2024 йил бошида якунланиши мумкин. Уларнинг фикрига кўра, заводнинг ишга тушиши Украинадаги можаронинг боришига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Пентагон разведка бошқармасининг даъво қилишича, Эрон завод қурилишида ёрдам бериш учун Россия Федерациясига мунтазам равишда жиҳозлар юбориб туради.
Аввалроқ Вашингтон Эрон ва Россияни дрон ишлаб чиқариш заводи қуриш режалари учун айблаган эди. Хусусан, Қўшма Штатлар Татаристондаги Алабуга махсус иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашгани тахмин қилинаётган заводнинг суратларини эълон қилган.
Изоҳ (0)