Арманистон бош вазири Никол Пашинян агар Боку Степанакерт (Тоғли Қорабоғдаги шаҳарлар) билан мулоқот ўрнатса, Арманистон ва Озарбойжон 2023 йил охиригача тинчлик битимини имзолаши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар бермоқда.
Шу билан бирга Пашинян тинчлик келишувида Тоғли Қорабоғ масаласида Боку ва Ереванга мос келадиган банд бўлиши даргумон эканини таъкидлади.
“Агар Боку—Степанакерт мулоқоти бошланса, шу йил охиригача тинчлик шартномасини имзолаш учун имконият бўладими? Менимча ҳа... Тинчлик шартномасида Қорабоғ бўйича Арманистон, Озарбойжон ва Тоғли Қорабоғ бирдек маъқуллайдиган банд бўлиши эҳтимоли жуда паст”, — дея Пашиняннинг сўзларидан иқтибос келтиради “Известия” нашри.
Аввалроқ Пашинян Озарбойжон билан барқарор тинчлик ўрнатиш имкониятига ишонишини айтганди. Унинг қўшимча қилишича, дипломатик жараёнга икки давлат вакилларидан ташқари турли омиллар: ички ва ташқи сиёсат, гуманитар вазият, халқаро вазият таъсир кўрсатади.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Москвада Озарбойжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг йиғилишига тайёргарлик кўрилаётганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Пашинян Тоғли Қорабоғни Озарбойжоннинг бир қисми сифатида тан олишга тайёрлигини маълум қилди. 25 май куни эса Москвада бўлиб ўтган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида Пашинян ва Алиев бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олишга келишиб олди.
Изоҳ (0)