Арманистон Озарбайжон ҳарбийлари Ерасх қишлоғида қурилаётган металлургия заводини ўққа тутганини маълум қилди. Озарбайжон эса арманистонлик ҳарбийлар Нахичеван ҳудудидаги қишлоқни ўққа тутганини даъво қилмоқда.
“19 июнь куни соат 13:25 да Озарбайжон Қуролли кучлари бўлинмалари Ерасх шаҳрида хорижий сармоя ҳисобига қурилаётган металлургия заводида турли калибрли ўқ отиш қуролларидан ўт очди”, — дейилади Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумот йўқ.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, соат 13:35 да арман ҳарбийлари Нахичеван Мухтор Республикаси Садарак вилоятининг Ҳайдаробод аҳоли пункти йўналишида Озарбайжон армиясининг позицияларини ўққа тутган.
“Озарбайжон армиясининг ҳарбий бўлинмалари мазкур ҳодисага жавобан тегишли чораларни кўрди”, — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Жорий йилнинг 31 май куни Тоғли Қорабоғнинг Мардакерт вилоятида ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилиши қайд этилганди.
Изоҳ (0)