Махсус маълумоти бўлмаса-да, чиройи ва иқтидори билан бутун дунёни забт этган америкалик актриса машҳурлигининг энг юқори чўққисига эришган даврида ҳаётдан кўз юмади. У кўплаб муваффақиятли киноленталардан бошқа ўзидан ҳеч нарса қолдирмади. Мэрилин Монронинг сурати нафақат охирги ўн йиллар давомида чиқарилган кўп сонли биографияларни безайди, балки гўзаллик, аёллик ва жозибадорликнинг ўзига хос рамзи ҳам ҳисобланади.
Ўз ижодий биографияси асирасига айланиб қолмаганида Мэрилин Монронинг ҳаёти умуман бошқача кечган бўларди, аммо актриса гўл аёллар имижига боғланиб қолди. Актрисани ҳаётлигида кинода ўйнаган роллари сабаб кўпинча аҳмоқ ва тор фикрлайдиган аёл сифатида қабул қилишган. Аслида эса у жуда ақлли, кучли характерга эга, мақсадидан қайтмайдиган аёл эди. Кўпчиликда енгилтабиат аёл сифатида таассурот қолдирган Мэрилиннинг “100 буюк инсон” рўйхатига қўшилиши қанчалик кутилмаган бўлмасин, у кино санъатида ўзига хос из қолдирган инсон ҳисобланади. Ҳатто Time журналининг версияси бўйича ҳам у энг машҳур инсонлар қаторида. Шу боисдан қуйида киносаноатидаги энг машҳур актриса ҳақида ҳикоя қиламиз.
Болалик ва ўсмирлик
Мэрилин Монро 1926 йил 1 июнь куни дунёга келган бўлиб, унинг ҳақиқий исми — Норма Жин Мортенсон. Голливуднинг бўлажак юлдузини оила борасида омади чопмаган эди, онаси ва бувиси бола билан вақт ўтказиш ҳамда унинг тарбияси билан шуғулланишни истамаган. Уларни асосан ўзларининг шахсий ҳаётлари, шунингдек, турли базм-у жамшидларда кўнгилхушлик қилиш қизиқтирарди. Норма оиланинг кенжаси эди, унинг акаси ва опаси бўлган, аммо уларни онасининг биринчи турмуш ўртоғи Кентукки штатига ўзи билан олиб кетганди.
Шу боисдан қиз болалар уйига боради ва 15 ёшигача шу ерда яшайди. Аввалига она қизини оилавий болалар уйига эгалик қилувчи Болендерлар оиласига беради. Аёлнинг бундай йўл тутишига Мэрилин Монронинг отаси унинг тарбиясида иштирок этмагани, мамлакатда Буюк депрессия даври кезиб юргани сабаб бўлган, ҳарқалай қизалоқнинг болалар уйида уст-боши бутун ва қорни тўқ бўларди.
Гледиз баъзида қизининг ёнига келиб, унинг таъминоти учун пул бериб кетарди. Кейинчалик у Нормани ўз уйига қайтариб олиб кетади, бироқ шифокорлар унга шизофрения ташхисини қўйгач, қиз яна болалар уйига йўл олади. Кейинги йиллар давомида Мэрилин кўплаб оилалар билан яшаб кўради, аммо уларнинг ҳеч бири қизни узоқ муддат ўзларида олиб қолишни истамайди. Бундан ташқари, қизни бир неча бор зўрламоқчи бўлишади, бу эса тезроқ болалар уйидан кетиш истагини юзага келтирганди. Ёшлигида кўрган-кечирганлари оқибатида Мэрилин Монро қаттиқ дудуқланиб қолади ва нутқидаги бу нуқсондан қутулиш учун узоқ йиллар машқ қилишга мажбур бўлади.
Бўлажак кино юлдузи илк бор жуда эрта, 16 ёшида турмушга чиқади. Мэрилин Монро биографиясидаги биринчи турмуш ўртоғи Жеймс Догерти ҳисобланади. Натижада қиз алоҳида яшаш, пул топиш, ўқиш ва бошқа ҳеч қачон болалар уйига қайтмаслик имкониятини қўлга киритади.
Мэрилиннинг меҳнат фаолияти киноэкранлардан анча узоқда бошланди. Норма Жин Бейкер 17 ёшида биринчи марта Padioplane авиация заводига ишга чиқади. Мазкур қарор қизнинг янги ҳаёти учун чиптага айланади, чунки у айнан шу ерда моделлик карьерасини бошлайди. Заводдаги бир йиллик фаолиятидан кейин Нормага тарғибот плакатлар сериясида суратга тушиш таклиф этилади — улар ватанидан узоқда бўлган америкалик аскарларнинг жанговар руҳини кўтариши керак эди. Шундай қилиб Девид Коновер Норманинг биринчи сураткашига айланади.
1945 йилнинг январида қиз заводдаги фаолиятини якунлаб, тўлақонли фотомодел сифатида иш бошлайди. Фотосессияда қўлга киритган пуллари унга нормал ҳаёт тарзини таъминлаш учун бемалол етарди.
Киноактрисаликка қадам
Қизга модел сифатида биринчи ишни таклиф қилган инсон — Девид Коновер унинг карьера пиллапоясидан кўтарилишига хизмат қилади. У қизга режиссёр ва кинопродюсерлар эътиборини тортиш учун ташқи кўринишини қандай ўзгартириш кераклиги ҳақида тавсиялар берарди. Аввалига Норманинг юмалоқ юзи ва қора каштансимон сочлари оддий кўринишда бўлиб, уни кўпчилик ичида ажратиб турмасди. Биз билган ва ўлимидан ярим аср ўтган бўлса-да, у ҳақида маълумотлар қидиришга мажбур этадиган Мэрилин Монрога айланиш учун қиз ўзини буткул ўзгартиришга жазм этади.
Қиз сочларини тери ва кўзлари рангига мос келадиган жилога бўяш учун 12 мартадан ортиқ уринади. У тилларанг, алвон ва малла ранглардан ҳам фойдаланиб кўради, аммо охир-оқибат у актрисани бутун дунёга танитган оч сарғиш (блонда) рангини танлайди. Ўзгаришлар нафақат соч рангига, балки бурун, лаб ва юз шаклига ҳам тааллуқли эди. Мэрилин Монронинг ҳатто тўлақонли биографиясида ҳам машҳурлик учун у қанча жарроҳлик амалиётларини бошидан ўтказгани ҳақида батафсил маълумотлар топиб бўлмайди.
Голливуднинг пластик жарроҳлари қуйидаги аралашувларни амалга оширган:
- буруннинг пастки қисмини ўзгартирган;
- лаб четлари кўзга ташланадиган ҳолатга келтирилган;
- сочнинг ўсиш чизиғи текисланган.
Актрисанинг ўзи ҳеч қачон мутахассислар ёрдамидан фойдаланганини тан олмаган. Ташқи кўринишдаги ўзгариш ўз навбатида бошқа янгиликларни ҳам бошлаб киради. Норма Жин Мортенсон ярим йил ичида Норма Жин Бейкерга — агентликдаги энг муваффақиятли моделга айланади. Нозик қомат, чиройли юз ва кичик бўй Мэрилин Монрога машҳурлик олиб келди.
Медиамагнат Говард Хюз уни айнан шу ҳолатда ёқтириб қолади. У Нормага ўз иқтидорини кинематографияда синаб кўриш таклифини беради. Ва, албатта, қиз таклифни қабул қилади, чунки кино унинг болаликдан орзуси бўлган — Норма ҳаётида содир бўлаётган воқеалардан бир оз чалғиш мақсадида чўнтак пулларининг барини кинога сарфлайдиган ўсмир эди.
Бутун дунёга танилган 20th Century Fox кинокомпанияси Норманинг ташқи кўринишига эътироз билдирмаган, аммо унга исмини ижодий тахаллусга алмаштиришни маслаҳат беради. Шу орқали Калифорниядаги болалар уйида катта бўлган оддий қиз актриса Мэрилин Монрога айланади.
Карьерасининг бошида қизга катта кинода роллар таклиф этилмаган бўлса-да, у ўз оптимизмини йўқотмай, машаққат билан меҳнат қилишда давом этади. Мэрилин асосий эътиборини кино саноатидаги талабгир йўналишларга, вокал дарслари, рақс ва актёрлик маҳоратига қаратади. 1947 йилда продюсерлар у билан шартномани узайтиради ва актрисага фильмларда кичик ролларни бериш бошланади. Албатта, Монро бир кечада бутун мамлакат танийдиган актрисага айланмаган, шундай бўлса-да, кинода суратга тушиш унга тажриба мактаби бўлиб хизмат қиларди.
1948 йилдан 1950 йилга қадар актриса бошқа кинокомпания — Columbia Pictures билан ҳамкорлик қилади. У билан шартнома Мэрилин Монрога янги роллар олишга ёрдам бермайди, бироқ унга Америка кинематографияси юлдузлари билан танишиш ва мулоқот қилиш имконини тақдим этганди.
Мэрилин Монронинг катта экрандаги кичик роли “Асфалтланган жунгли” кинокартинасига тегишли. Кинотанқидчилар унинг актёрлик маҳоратини ижобий баҳолайди ва Монро дарҳол бошқа фильм — “Ева ҳақида барчаси”да суратга тушишни давом эттиради. Мазкур лента кейинчалик Голливуд классикасига айланди, фильм Мэрилиннинг ижодий биографиясидан муҳим ўрин эгаллади.
Кейинги бир неча йил ичида актриса америкалик таниқли актёрлар билан “Еттинчи йил хоҳиши”, “Жаззда фақат қизлар” каби қатор муваффақиятли фильмларда рол ижро этди. Монронинг ўзи ҳам энг талабгир актрисалардан бирига айланди, аммо унинг гўзаллиги иши ва муносабатларида муаммоларни келтириб чиқара бошлайди.
Томошабин ва кинопродюсерлар актрисанинг сал довдирроқ аёл образига ўрганиб қолганди, шу билан бирга, иқтидорли Мэрилин ўзини драматик актриса сифатида тўлиқ очиб беролмаётганди. У бундай рол ижроси муваффақиятсизликка эришишидан жуда қўрқар, кинорежиссёрлар ҳам унда жиддий драматик фильмларда суратга тушиш учун актёрлик маҳоратини кўрмасди. Мэрилин Монронинг биографиясига бағишланган кўплаб китобларда унинг жиддий ролларга бўлган орзуси ҳақида сўз боради. Мэрилиннинг ягона драматик роли — бу 1964 йилда, актрисанинг ўлимидан бир йил олдин экранларга чиққан “Саргардон” фильмидаги Розлин Тейбер роли эди.
Чигал шахсий ҳаёт
Актриса нафақат ишда, балки шахсий ҳаётда ҳам кўп қийинчиликларга дуч келди. Унинг биринчи турмуши бир неча йил давом этди ва ажрим билан якунланди. Мэрилин иккинчи марта бейсболчи Жо ди Мажога турмушга чиқади. Аммо жуфтлик тўйдан тўққиз ой ўтиб ажрашиб кетади. Барчасига эрнинг Монрони ҳаддан ортиқ рашк қилиши сабаб бўлганди. Унга рафиқасининг узоқ муддатли сафарлари, мухлислари ва журналистларнинг эътибори ёқмасди. Эркак ўз ғазабини ҳақоратлар билангина ифодалаб қолмай, аёлига бир неча бор қўл ҳам кўтаради. Оқибатда бейсболчи Монро билан ажрашганини ҳаётидаги энг катта хато сифатида эслайди.
1955 йилда Мэрилин учинчи марта турмуш қуради — бу сафар америкалик ёзувчи Артур Миллер билан. Эри учун у иудаизмни қабул қилиб, фарзанд дунёга келтиришга қарор қилади, бироқ унинг она бўлиш борасидаги барча уринишлари ҳомиланинг тушиши ёки маткадан ташқаридаги ҳомиладорлик билан якунланади. Актрисанинг саломатлигидаги бундай муаммолар ёшлигида кўплаб абортларни амалга оширгани сабаб келиб чиққан. Кейинчалик фарзанд кўра олмаслик, шахсий ҳаётдаги омадсизликлар ва бошқа муаммолар Мэрилин Монро ўлимига сабаб бўлгани айтилади.
Монро ва Артур Миллер турмуши 6 йил давом этди ва барибир ажрим билан якунланди. Кўп ўтмай Артур ўз жонига қасд қилади. Шундан сўнг, Мэрилиннинг ҳаёти осон кечмайди, у бошқа турмушга чиқмади. Актриса ўз даврининг энг машҳур шахслари, хусусан, Жон ва Роберт Кеннедилар, Ив Монтан билан ҳам ишқий муносабатларда бўлгани ҳақида гап-сўзлар юради. Маълумотларга кўра, Монро ҳатто Ив Монтандан ҳомиладор бўлиб ҳам қолган, бироқ барибир унга оналик бахти насиб этмаган. Мэрилиннинг ҳомиладор ҳолатдаги сурати матбуотда яқиндагина тарқалган бўлиб, уни дугонаси Фрида ўзида сақлаб келган.
Миш-мишларга кўра, Мэрилин Монро Чарли Чаплиннинг ўғли билан ҳам учрашган. Аммо эркакларнинг унга нисбатан эътибори муносабатларнинг фақат бошида алангаланар, вазият жиддийроқ тус оладиган паллада эса улар кино юлдузни оддий америкалик уй бекасига айлантиришга уринарди.
Мэрилин Монронинг ўлими
Шахсий ҳаётдаги омадсизлик, яқинлари томонидан қўллаб-қувватловнинг йўқлиги аянчли оқибатларга олиб келди. 1962 йил августда Мэрилин ётоқхонасидан ўлик ҳолда топилади. Унинг ўлимига дори воситаларини ортиқча ичиб юборгани сабаб бўлган, аммо ўз жонига қасд қилишига айнан нима сабаб бўлгани номаълум. Кўпчилик Мэрилин ўз жонига қасд қилганига ишонмайди, чунки унинг душманлари ҳаддан зиёд эди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, актриса ўлими юз берган кунда умуман тушкун ёки ғамгин ҳолатда бўлмаган. Шунингдек, аёл бирор мактуб ҳам қолдирмагани кўпчиликка ғалати кўринади. Жасад ётган ҳолат ҳам Монро ўзини ўлдирган деган тахминга тушмайди. Бу бўйича бир нечта версия мавжуд:
- Ўз жонига қасд қилиш (расмий баёнот);
- Бахтсиз ҳодиса (юлдуз билмасдан барбитуранларни кўпроқ ичиб қўйган бўлиши мумкин);
- Сиёсий сабаблар туфайли ўлим. Актрисанинг ака-ука Кеннедилар билан алоқаси уларнинг фаолиятига ёмон таъсир кўрсатган ва улар Монрони йўқ қилиш бўйича кўрсатма берган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, актрисани ФҚБ ёки МРБ Кеннеди клаини йўқ қилиш кампанияси доирасида ўлдиргани ҳам айтилади;
- Бошқа сабаблар туфайли қотиллик. Бу ерда тахминлар ва сабабларни кўплаб келтириш мумкин. Масалан, улардан бирига кўра, Мэрилин НУЖ ёки мафия ҳақида жуда кўп нарса билган.
Нима бўлганда ҳам Мэрилин Монронинг ўлими сабаби ҳозирга қадар аниқланмаган.
Мэрилин ҳаёти давомида кўплаб ютуқларга эришган бўлса-да, ҳақиқий бахтини топа олмади. Унинг ўлимига 60 йил тўлганига қарамай, миллионлаб эркаклар ҳамон Монрони аёллик ва гўзалликнинг идеал уйғунлиги деб ҳисоблайди.
Мэрилин Монро биографиясига бағишланган биринчи ҳужжатли фильм 1966 йилда чиққан. “Мэрилин Монро афсонаси”га ҳозирга қадар актриса ҳаёти ҳақида ҳақиқатларни энг кўп ёритган картина сифатида қаралади. Мэрилин тарихи ҳатто бадиий картина муаллифларини ҳам илҳомлантирган. 1980 йилда — “Мэрилин: айтилмаган тарих”, 1996 йилда — “Норма Жин ва Мэрилин”, 2011 йилда бўлса, “Мэрилин билан 7 кун ва кеча”, 2015 йилда — “Мэрилин Монронинг махфий ҳаёти” картиналари чиққан. 2022 йилда томошабинлар “Блондинка” фильмини кўришга муяссар бўлди.
Изоҳ (0)