АҚШнинг Бруклин шаҳридаги отишмада оғир яраланиб вафот этган 15 ёшли ўзбекистонлик ўсмирнинг жанозасида Нью-Йорк мэри Эрик Адамс иштирок этди, деб хабар бермоқда New York Post.
Марҳум Фаридун Мавлоновнинг жанозаси “Сансет” боғида бўлиб ўтган. Сўзга чиққан Нью-Йорк мэри Эрик Адамс Фаридуннинг оила-аъзоларига ҳамдардлик билдириб, шаҳардаги қотилликларни тўхтатиш учун расмийларни кўчаларни ўқотар қуроллардан тозалашга чақирган.
“Кўчаларимизда жуда кўп қурол бор, ёшларимиз орасида зўравонлик авж олган. Ҳаётимизни шаҳримиз болаларини қутқаришга бағишлаш — зиммамиздаги мажбурият. Ёшлар ёшларни ўлдирмоқда, бу таҳликали сигнал”, — деди Эрик Адамс.
Ўсмирнинг бувиси Умаро Камолова “У Америка чемпиони бўлишни ва Америкада Ўзбекистон байроғини кўтаришни хоҳларди. Биз у билан доимо фахрланардик”, — деб эслади.
15 ёшли Фаридун Мавлоновни 17 июль куни уйидан бир мил узоқликда отиб кетишган. Оқибатда у 18 июль куни вафот этган.
Маълумотларга кўра, ўсмирнинг отаси Фирдавс Мавлонов бундан 12 йил аввал оиласи билан бирга АҚШга кўчиб борган. Фаридун унинг олти фарзандидан бири эди. Вафотига қадар бола шаҳардаги Янги Утрехт юқори мактабида таҳсил олган.
Изоҳ (0)