АҚШ Молия вазирлиги 20 июль куни Қирғизистоннинг тўртта компаниясига қарши санкциялар эълон қилди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг пресс-релизида айтилади. Қайд этилишича, ушбу компаниялар орқали Россия Ғарб давлатлари томонидан киритилган чекловларни четлаб ўтиб, икки мақсадли товарлар ва технологияларни олган.
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Қирғизистонда жойлашган корхоналар Россияга кўплаб электрон компонентлар ва бошқа технологияларни экспорт қилган, уларнинг бир қисмини Россия мудофаа сектори корхоналари олган, дейилади баёнотда.
Шу муносабат билан Қўшма Штатлар Қирғизистонда рўйхатдан ўтган, 2022 йил март ойида ташкил этилган, “Россияга икки мақсадли товарларни фаол етказиб берувчи” PM Dezayn and Development компаниясига нисбатан санкциялар киритди.
Компания юзлаб товарларни, жумладан яримўтказгичлар, электрон интеграл микросхемалар ва кондансаторларни Россиянинг бир қанча компанияларига юборган — АҚШ уларни ҳам санкциялар рўйхатига киритган.
Бундан ташқари Қирғизистоннинг Progress Lider, GTM Texnologii, “Карголайн” компаниялари АҚШ санкциялари остига тушди.
19 июль куни The Washington Post газетаси АҚШ Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бузгани учун Қирғизистонга қарши иқтисодий чоралар кўраётгани ҳақида хабар берганди. Нашрнинг ёзишича, Вашингтон Бишкекни Россияга Хитой дронларини етказиб беришда гумон қилмоқда.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон ҳукумати ва давлат корхоналари АҚШ томонидан Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни бузмаганини, бироқ бунга хусусий компаниялар алоқадор бўлиши ҳам мумкинлигини таъкидлади. Қўмита ушбу ҳолат юзасидан текширув бошлади.
Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаров республикада маҳсулотларнинг санкцияларни бузган ҳолда экспорт қилинишига йўл қўймаслик чоралари кўрилганини айтди.
Изоҳ (0)