Россия ҳарбийларининг Украина жанубига берган зарбалари оқибатида Черноморск портидаги 60 минг тонна дон йўқ қилинди. Бу ҳақда Украина аграр сиёсат вазири Николай Солский хабар берди.
У тунги ҳужум Черноморск портидаги дон экспорти инфратузилмасининг муҳим қисмини ишдан чиқарганини айтди.
“Мутахассисларнинг фикрича, шу кечада зарар кўрган объектларни тўлиқ тиклаш учун камида бир йил керак бўлади. Черноморск портида 60 минг тонна ғалла ҳам йўқ қилинди, улар катта тоннажли кемага ортилиб, 60 кун аввал дон йўлаги орқали жўнатилиши керак эди”, — деди у.
Солский дунёни Россиянинг фуқаролик порт инфратузилмасига берган зарбаларига кескин муносабат билдиришга чақирди.
“Агар озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қила олмасак, энг қашшоқ мамлакатлар аҳолиси омон қолиш ёқасида қолади! Бундан ташқари, нафақат Украина, балки дунё иқтисодиёти ҳам зарар кўради. Ғалла нархи кўтарилади, ҳамма мамлакатлар ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишга қурби етмайди, демак, озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, дон, гўшт нархи сезиларли даражада ошади”, — деди у.
Изоҳ (0)