Россия президенти Владимир Путин талабалик даврида юк ортувчи бўлиб ишлаганини эслади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Путин “Россия – имкониятлар мамлакати” кузатув кенгаши йиғилишида бу ҳақда гапирди. Йиғилишда Украинадаги “махсус ҳарбий операция”да қатнашган Илья Штокман нутқ сўзлади.
У 1998 йилда университетни тамомлагандан сўнг, инқироз даврида қандай қилиб мамлакатни тарк этгани ва хорижда новвойхонада юк кўтарувчидан йирик IT-компаниянинг лойиҳа менежеригача кўтарилганини эслади.
“Новвойхона ёмон эмас... Талабалик пайтимда мен темирйўл вокзалида бир нечта қопларни ортганман, бу машғулот менга унчалик ёқмасди”, — деди Путин.
Бунгача Россия президенти 1990 йилларда шахсий ҳайдовчи сифатида баъзан қўшимча пул ишлашга тўғри келганини айтганди.
“Баъзида киракашлик қилишимга тўғри келарди. Бу ҳақда гапириш ёқимли эмас, аммо, афсуски, шундай бўлган”, — деган эди у.
Путин институтнинг иккинчи курсида ўқиётганида дастлаб қурилиш отрядида дурадгор бўлиб ишлагани ҳам маълум.
“Мен қурилиш жамоаларига борардим ва у ерда тўртинчи тоифали дурадгорлик гувоҳномасини олганман, бундан жуда фахрланаман”, — деган эди у анча йиллар олдин.
Изоҳ (0)