Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг Кировский туманидаги полигонда 19 июлга ўтар кечаси ёнғин чиқди, шу сабабли маҳаллий ҳокимият тўртта аҳоли пунктини эвакуация қилишни бошлади.
Қрим маъмурияти раҳбари Сергей Аксеновнинг сўзларига кўра, икки мингдан ортиқ одам эвакуация қилиниши режалаштирилган. Аксенов, шунингдек, ёнғин содир бўлган ҳудудда “Таврида” трассаси бўйлаб ҳаракатланиш тўхтатилганини маълум қилди.
Маш Telegram-канали хабарига кўра, ёнғин ўқ-дорилар омборида бошланган. Маҳаллий аҳолига охирги икки соат давомида полигондан беш километр радиусда портлаш овози эшитилиб турибди, деб ёзди телеканал.
Аксеновнинг маслаҳатчиси Олег Крючковнинг айтишича, минтақада Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича тезкор штаб тузилган.
Ёнғин сабаби ҳақида маҳаллий ҳокимият маълумот бермаяпти. Аксеновнинг ёзишича, тунда Қримга дронлар ҳужум қилган. Унинг сўзларига кўра, тўққизта дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган, яна 19 таси электрон кураш тизимлари ёрдамида бостирилган.
18 июль куни эрталаб Қрим раҳбари яриморол шарқига 30 га яқин дрон ҳужум қилгани ҳақида хабар берганди. Қайд этилишича, дронлар уриб туширилган ёки зарарсизлантирилган.
Изоҳ (0)