Қуёш фаоллиги цикли ўзининг энг юқори чўққисига яқинлашмоқда, шу боис Қуёшда кучли чақнашлар тез-тез содир бўла бошлади, деди Россия Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Натан Эйсмонт “Интерфакс”га берган интервьюсида.
“Биз қуёш фаоллигининг ёқимли бўлмаган циклини бошдан кечирмоқдамиз, биз максимал қуёш фаоллигига яқинлашмоқдамиз”, деди Эйсмонт яқинда содир бўлган қуёш чақнашлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Унга кўра, икки йилдан сўнг Қуёш фаоллиги цикли ўзининг энг юқори чўққисига чиқади.
Эйсмонтнинг таъкидлашича, қуёш чақнашлари туфайли “Ерда турли муаммолар юзага келади, масалан, алоқадаги узилишлар, электр узатиш линияларининг ишлашидаги муаммолар” ва ҳоказо. Бу муаммолар глобал характерга эга бўлиши ҳам мумкин.
“Бундай пайтда турли сурункали касаллиги бор одамлар эҳтиёт бўлишлари керак. Бошқа таъсирлар ҳақида гапирадиган бўлсак, шуни ёдда тутиш керакки, ҳозир Ер атрофида минглаб космик кемалар учмоқда ва уларнинг баъзилари бундай таъсирга жуда сезгир. Улар ишдан чиқишлари мумкин, — деди олим.
Изоҳ (0)