Юзлаб “вагнерчи”ларининг Марказий Африка Республикасидан (МАР) кетиши мамлакатдан компания бўлинмаларини тўлиқ олиб чиқиш дегани эмас, балки ротациядир. Бу ҳақда МАР президентининг матбуот котиби Альберт Ялоке Мокпем маълум қилди.
“Бири кетса, бошқаси келади”, — деди МАР расмийлари вакили матбуот анжуманида ва гап ёлланма аскарларнинг “якуний чекиниши” ҳақида кетмаётганини таъкидлади.
Сўнгги кунларда бир неча юзлаб “вагнерчи”лар мамлакатни тарк этгани ҳақида Jeune Afrique ва Reuters манбалари хабар берганди. Jeune Afrique маълумотларига кўра, камида 500-600 нафар ёлланма аскар Москвага қайтган.
“Вагнер” жангчиларининг қанчаси МАРда қолгани номаълум, деб таъкидлади Reuters. Агентликнинг ёзишича, яқин вақтгача МАРда 1 900 га яқин россиялик ёлланма аскарлар, шу жумладан “вагнерчи”лар бор эди.
Россия сўнгги йилларда ўз таъсирини фаол равишда ошираётган Африкада “Вагнер” гуруҳининг ишлаши масаласи компания асосчиси Евгений Пригожиннинг исёнидан кейин кўтарилди.
Исёндан бир неча кун ўтиб, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров РТ телеканалига берган интервьюсида россиялик ҳарбий инструкторлар минтақада ишлашда давом этишини айтди. Вазир гап “вагнерчи”лар ҳақидами ёки йўқлигига аниқлик киритмади, бироқ МАР ва Мали расмийлари “Вагнер”га раҳбарият хавфсизлигини таъминлаш илтимоси билан расман мурожаат қилганини таъкидлади.
The Wаll Street Journal нашрининг ёзишича, Россиядаги исёндан сўнг Кремль Сурия, Марказий Африка Республикаси ва Малидаги расмийларга “Вагнер” устидан назоратни ўз қўлига олганини маълум қилган. Reuters манбаларининг хабар беришича, исён пайтида Сурия ҳукумати ва Россия ҳарбийлари Пригожиннинг ёлланма бўлинмаларини Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномалар имзолашга мажбур қилиш учун бир қатор шошилинч чоралар кўрган. Шартномадан бош тортган жангчилар мамлакатдан олиб чиқилган.
Изоҳ (0)