Бухорода ўзгадан АҚШга юбориш учун виза олиб бериш ҳамда ишга жойлаштириш эвазига пора талаб қилган аёл ушланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Бухоро шаҳар “Наврўз” маҳалласида яшовчи 43 ёшли Ғ.Д. исмли аёл бошқа бир фуқарони алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб, уни АҚШга ишга юбориш учун ваколатли танишлари орқали виза олиб бериш ҳамда АҚШда яшовчи танишлари орқали ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилгани аниқланган.
Аёл “ўз хизмати” эвазига 25 минг доллар миқдорида пул талаб қилган. У 21 июнь куни соат 13:30 ларда ўзи яшаб келаётган Бухоро шаҳар Мустақиллик кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонида келишилган пулнинг 10 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ғ.Д. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
АҚШга ноқонуний йўллар билан юбориш ҳолатлари
Март ойида Тошкентда фуқарони 20 минг доллар эвазига АҚШга юбормоқчи бўлган талаба ушлангани, Самарқанд шаҳрида 64 нафар фуқарони АҚШга юборишини айтиб, уларнинг 4 миллиард сўмини ўзлаштирганларга суд ҳукми ўқилгани тўғрисида хабар берилганди. Апрелнинг ўрталарида ДХХ АҚШга ишга юбориш учун 30 минг доллар сўраган шахсни қўлга олганди.
Июнь ўрталарида Жиззахда АҚШга юбориш ва иш билан таъминлашни ваъда қилиб, фирибгарлик қилган шахс ушланганди.
Изоҳ (0)