Флетчер — азалий стреотиплар йиғиндиси. “Йиқилдингми, жойингни бўшат!”
“Қатъият” фильми буюк мусиқачи бўлишни орзу қилган истеъдодли талаба ҳақида ҳикоя қилади. Бахтга қарши, у “иккита тушунча мавжуд: меники тўғри ва қолган барчаси нотўғри” тамойили бўйича одамлар билан ишлайдиган, фавқулодда даҳоларни кашф қилиш учун шафқатсиз ҳамда камситувчи усуллардан фойдаланадиган золим дирижёр Флетчернинг таъсирига тушиб қолади. Флетчер йўли бизга болаликдан миямизга сингдирилган “қонунлар”га ўхшайди: “Ўғил боласан, йиғлама, ҳеч қачон муҳим вазиятларда хато қилма, доим тўғри қарор қабул қил, эплолмайман деган нарсани ўйлама, бош тортишга ҳаққинг йўқ!..”
Эндрю эса… Эндрю жим юришни афзал биладиган, бир оз уятчанроқ, аммо ниҳоятда меҳнатсевар ва талантли йигит. Унинг феъл-атворидаги қусурлардан энг каттаси бу ижодда муросага келишдан бош тортишдир. (Балки бу камчиликмасдир. Умуман, қусурлар ҳам нисбий тушунча: бировга ёқмаган қилиғингдан ўзинг маза қилишинг мумкин) У қилган ҳар бир муросаси уни буюк бўлиш орзусидан узоқлаштиришини жуда яхши биларди ва шунинг учун қайсарлик даражасини ошириб боришдан тўхтамайди.
Кинода Эндрюни тўлиқ ҳолда яхши кўриб бўлмайди. У қип-қизил эгоист ва юмшоқ қилиб айтганда, унчалик ҳам ёқимли одаммас. Баъзи хархашалари, инфантил дод-войларини кўриб, томошабиннинг ғаши келади. Албатта, биз билган буюк даҳоларнинг деярли ҳеч бири муомалали, одамохун бўлмаган, бундай характерни шакллантириш учун, аввало, уларда вақт йўқ эди. Лекин ўзида санъатнинг нафис ва нозик услубларини сақлаб қолганлар ҳам йўқ эмас.
Хуллас, йигитча энг зўр мураббий қўл остида ишлашни орзу қилади. Умуман олганда, ҳамма Флетчернинг соғлом одамнинг асаблари дош бериши мушкул бўлган табиатига қарамай, ундан нимадир ўрганиш учун гуруҳига оқиб келишади. Не ажабки, Флетчернинг ўз оркестрига янги барабанчиларни қўшиш учун ўтказган танловида, гарчи кино сўнггига қадар ундан кўнгли тўлмаган бўлса-да, айнан Эндрюни танлайди. Бунга ҳеч қандай изоҳ, тушунтириш берилмаган. Аммо икки даҳонинг ғалати муносабатлари ҳақидаги қисса шу тарзда бошланади.
Сюжет расшифровкаси
19 ёшли барабанчи Эндрю Ниман (Майлз Теллер) Нью-Йоркдаги консерваторияда таҳсил олади. Унинг энг катта орзуси эса машҳур маэстро Теренс Флетчер (Ж.К.Симмонс) оркестрида фаолият олиб бориш.
Флетчер — тепада таъкидлаб ўтганимдек, ўта қаттиққўл, меҳр-шафқатсиз ва натижа учун ҳар нарсага тайёр бўлган талантли мураббий. Флетчернинг машғулотларига ташриф буюрган Ниманда Хенк Леви басталаган “Whiplash” композицияси учун оркестрга қўшилиш имкони пайдо бўлади. Ўз ишини аъло уддалаган Ниман асосий барабанчи сифатида қабул қилинади, лекин йўл қўйган арзимас хатоси туфайли Флетчер Ниман ўрнига бошқа барабанчини оркестрга олади. Бундан норози бўлган, янги барабанчидан ўзини кучлироқ ва талантли деб ҳисоблаган Ниман маэстро билан узоқ тортишув ҳамда 5 соатлик, қўлларининг қонашигача давом этган машғулот сабаб яна асосий барабанчи ўрнини қайтариб олади.
Мувозанат бузилиши
Машғулотлар давомида Ниманнинг шахсий ҳаётида хаос бошланади: яхши кўрган қизи билан муносабатлари тобора ёмонлашаётгани, уйдагилари билан гаплашмай қўйгани, дўстлари уюштирган кечаларни ҳеч иккиланмасдан рад этиши уни сира хавотирга солмай қўяди. Оқибатда, у ёлғизланиб қолади. Лекин Эндрю муҳим бўлмаган нарсалар учун қайғурмаслик керак деб ўйлайди. У нима хоҳлаётганини аниқ билади: Ижодхонага қамалиб, кўнгил тўлмагунча, барабан қаршисида соатлаб тер тўкиш керак.
Ниман атрофдаги яқинларининг бақиришларига чалғимайди. Ҳатто юзига тарсаки тортиб юборишса ҳам қандай қилиб барабанни янада тезроқ уриш мумкинлиги ҳақида бош қотиради. Барча муаммолар, турмуш ташвишлари, ўқиш, иш, муносабатлар иккинчи даражага тушиб қолади. Мақсади учун яхши кўрган қизи билан ажрашишгача боради. Бу улкан қурбонлик унга чумоли чаққанчалик таъсир қилмайди, чунки бутун хаёлини телбанамо мусиқа завқи, кинояга тўла нигоҳларида ҳеч нимани эплолмайсан, қабилидаги фикрни уқиб олиш унчалик ҳам қийин бўлмаган калбош устидан зафар қозониш, қасд олиш интиқоми эгаллаганди. Суткасига ўн беш соатлаб шуғулланаётган Ниманда энди фақат бир истак устувор эди — Флетчер бошчилигида, катта мусиқий залда ўз истеъдодини намойиш қилиш, бу қонталаш қўллар нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйиш!
Фильмдаги воқеалар Ниманнинг кучли иродаси, қатъияти, тиришувчанлиги ва оғриқ остидаги тинимсиз меҳнатлари билан давом этади. Инсон иродаси қай даражада кучли бўла олишини энг зўр кўринишда тасвирлаб бера олган “Қатъият” фильми 3 та Оскар ва яна 91 та совринларни қўлга киритган.
Фильмдаги ғоя барча шарҳ ва таҳлилларда очиқланиб бўлган. Картинада яширин маънонинг ўзи йўқ. Кино мақсадга эришиш учун ҳамма нарсани, ҳатто ундан ҳам кўпроғини бериш кераклигини айтади. Фақатгина шунда одам муваффақиятга эришиши, чинакам яратувчига айланиши мумкин.
Томошабин билан ҳиссиёт ўйинлари қилиш учун “тер ва қон” акс эттирилган мажозий саҳналар яратилди. Режиссёр мухлис нигоҳини Эндрюнинг қонли, яра бўлиб кетган қўлларига ҳамда юзидан, бўйнидан, сочларидан шувуллаб оқаётган терга қаратади.
“Севги илҳом беради? Қип-қизил сафсата!”
Ушбу кино санъат билан боғлиқ баъзи стреотипларни рад этади. Стереотиплардан бири қуйидагича: агар сен нуфузли оркестр (театр, консерватория) гуруҳида бор бўлсанг, барибир муваффақиятга эришасан. Бори шу. Қандай бўлмасин, одам ҳар куни ўз жойига лойиқлигини исботлаши керак. Шу билан бирга, барча ҳаракатларинг биринчи муваффақиятсизликдан кейин сени ташқарига улоқтириб юбормасликларини кафолатламайди. Ҳаёт — бешафқат. У шунчалар бефарқки, баъзида иккинчи имконият ҳам тақдим этмайди.
Иккинчи стереотип фаросати жойида одамларни ҳам ҳафсаласини пир қилади. “Истеъдод ҳар доим ўз йўлини босиб ўтади”. Кино буни ҳам инкор этди. Минглаб истеъдодлилар қайта-қайта ютқазиб синиб кетади, ўзини ўлдиради, ўлдирмагани турмушнинг қоронғи бўлмаларига кириб, кўздан ғойиб бўлади. Битта истеъдодли одам ўзини кўрсатиш учун талаб этиладиган меҳнат ҳамда кураш уни ютиб юборадиган юзлаб васвасаларни келтириб чиқаради. У ўз виждонининг олдида, бу йўлни енгиб ўтса ҳам, бошиданоқ оқ байроқ кўтарса ҳам, на оғринади, на севинади. Иложсиз эканлигини қуруқ ҳиссиёт билан тан олади ва барча каби яшайверади.
Кино давомида учинчи, биз севган стереотип ҳам бузилади: “Севги сенга илҳом беради, оиланг эса ҳар бир қарорингни, шубҳасиз, қўллаб-қувватлайди!” Йўқ! Ўзаро муносабатлар жуда кўп вақт талаб этади, бу бош мақсаддан чалғитади. Оила эса ҳеч қачон ёш, аммо буюк ҳолда ўлиб кетиш истагини ёқламайди.
Хулоса 1
Фильмнинг сўнгги дақиқаларида Флетчер кўплаб томошабинларни ҳайратда қолдирган гапни Ниманнинг қулоғига шипшийди: “мен жин ургур тўнкага ўхшайманми, Нилан? Мени ким чақиб берганини жуда яхши биламан, лаънати!” Йигитча билан биргаликда кинотомошабинлар ҳам ҳайратдан тош қотади. Бу ғазаб нимани англатади?
Гап шундаки, Нилан гуруҳдан кетгач, кимдир Флетчернинг зўравонликка мойил ҳаракатлари учун устидан ёзиб беради. Натижада, тўпланган шунча обрў бир пул бўлади — Флетчер бор-будидан айрилади. Ярим йилдан сўнг, Нилан Флетчер билан кичик бир барда учрашиб қолади. Дирижёр унга самимийлик билан яна бирга ишлаш таклифини беради. Нилан буни иккинчи имконият ўлароқ қабул қилади. Бироқ, Флетчер интиқом алангасида ёнар, қасд олиш фурсатларини сабрсизлик билан кутарди. У Ниланни ҳамманинг олдида шарманда қилмоқчи бўлди: йигитча қаттиқ тайёрланиб келади, аммо асл композиция мухлислар билан тўлган саҳнада ошкор қилинади. Нима қилишни билмаган барабанчи эса нўноқ саналиб, омма олдида кулги бўлади.
Эндрю ҳаммаси уюштирилганини англаб етади. Бундан ташқари, бу вазиятдан қанақадир импровизация билан чиқиб кета олмаслигини ҳам фаҳмига етади. Бироқ, қисқа фурсат ичида шундай жасорат топадики, собиқ устози ахийри унинг Худо берган талантига тан беришдан бўлак иложи қолмайди.
Қаттиқ стресс, юқори даражадаги асабийлик, мадда боғлаган алам бекилиб турган яратувчанлик қопқасини очиб юборади: Ниланнинг ўзи саҳнада одамлар хотирасида бир неча йиллар сақланиб қоладиган концерт қўйиб беради.
Кино номига эътибор қаратадиган бўлсак, “Whiplash” сўзма-сўз таржима қилинганда, “қамчи” деган маънони англатади. Бу ўзини ўзи қамчилаб, ҳаракатга ундаш машаққати олдида бошқарувчининг қамчилаши ҳеч нарса эмаслигини билдиради.
Бошқа ракурсдан олинган хулоса 2
Хўп, танганинг орқа тарафидан қараймиз. Фильм инсон ўз истеъдодини қандай намойиш қилиши, ирода кучи, тинимсиз меҳнат ҳақида эмас. Гап икки эгонинг шафқатсиз ва ниҳоясиз жанги хусусида боради.
“Қатъият” чуқур конфликт натижасида бири иккинчиси устидан ғалаба қозонганидан ҳам кўпроқ, икки антагонист ҳам ҳаётда энг севган машғулоти учун бирлаша олгани, борини берганини кўрсатмоқчи бўлган. Ваниҳоят, финалда мусиқа ғалаба қозонади. Тамом, ортиқча шарҳга ҳожат йўқ.
Асардан иқтибослар
Флетчер: “Бу менинг темпимдаги ижро эмас!”
Флетчер: “Инглиз тилида ъяхши ишъдан кўра кўпроқ камситиш маъносини тўлиқ берадиган икки сўз мавжуд эмас.”
Флетчер: “Ниман, сен ўз ўрнингни қайта ишлаб олдинг. Энди марҳамат қилиб, менинг барабанимга тўкилган қонларингни тозалаб қўй.”
Флетчер: Чарли Паркер қандай машҳур бўлганини сизларга айтиб берганман-ку, тўғрими?
Ниман: Жой Жонс унга ликопча отган.
Флетчер: Тўғри. Паркер ёшлигида тузуккина саксафон чалган. Бир марта оркестр билан саҳнага чиқиб қовун туширган. Жонс бу қилиғи учун калласини узиб олишига сал қолган. Оркестр тазйиқи остида Паркер туни билан йиғлаб чиққан. Ва эрталаб нима қилган? Машқни бошлаган. Тинмай машқ қилган. Тун-у кун. Устидан бошқа кулмасликлари учун. Бир йилдан сўнг саҳнага чиқиб, дунёни лол қолдирган куйни чалган. Агарда Жонс унга қўявер, Чарли, бўлиб туради, ҳаммаси яхши, деганида нима бўларди? Паркер ҳеч ким бўларди. Бетакрор куй ҳам яратилмас эди. Назаримда, бу фожиа. Аммо ҳозиргиларга айнан шу керак: папалаш. Жазз бекорга хароб бўлмаяпти…
Қизиқарли фактлар
— “Қатъият” — америкалик режиссёр Демиэн Шазелнинг илк тўлиқ метражли фильми. Тўлиқ фильмни суратга олиш учун Демиен Шезелл аввалига ҳомий топа олмаган ва молиявий қийинчилик сабаб кинони қисқа метражли ҳолда 2013 йили оммага тақдим этган. Кўплаб мукофотлар ва пул маблағларини қўлга кирита олганидан сўнг эса, Шезелл тўлиқ фильмни суратга олишга эриша олган.
— Фильм жуда қисқа муддатда, атиги уч ярим ҳафта ичида суратга олинган.
— Эндрю ролини ижро этувчи Майлз Теллер ўсмирлигида барабан чалган, аммо фильмга тайёргарлик пайтида у ўз маҳоратини ошириш учун кунига бир неча соат машқ қилган. Актёр бу жараёнга шунчалик берилиб кетадики, қўллари қавариб, чиндан қонаб кетади. Аммо, саъй-ҳаракатлари беҳуда кетмади: фильмдаги мусиқий қисмларнинг деярли ярми у томонидан ижро этилди.
Азизбек Юсупов
Изоҳ (0)