Fleshбек
“Престиж” фильми Кристофер Пристнинг 1995 йилда ёзилган шу номдаги асари асосида суратга олинган. Ушбу фильм томошабинларни “алдовчи” режиссёр Ноланга “афсунгар” мақомини олиб келган. Сюжет тез-тез ўзгариши сабаб интригаларга бой бўлган ушбу фильм Ноланнинг кўплаб мухлислари томонидан “энг феноменал фильми” деб тан олинган.
Бу кинонинг ғояси ва ноаниқ якуни кўплаб тортишувларга сабаб бўлган. Яъни томошабин ва танқидчилар уни ўзларича талқин этган. “Престиж” фильмининг хулосавий мағзи эса, менимча, шу қисқа жумлага сиғиб кетади: баъзида азалий орзусига эришиш ҳаракатида одам махлуққа айланади.
Бундан ташқари картинада яна кўп чигал муносабатлар ҳақида гап боради: қонли рақобат, санъат учун қурбонликлар, шон-шарафга ҳаддан ташқари чанқоқлик ва яна бошқа абадий конфликт юзага келтирадиган ҳолатлар.
Сюжет расшифровкаси
Бошланишида Роберт ва Алфред саҳнада чинакам сеҳргарлик қилаётганга ўхшайди. Бироқ кейинчалик маълум бўладики, аслида ҳеч қандай афсун йўқ, фақат ушбу чиройли найранг учун ўз ҳаётини қурбон қилувчи одамлар бор.
Ишониш қийин бўлган фокуслар томошабинга қандай таъсир қилишини кўрсатиш учун Ноланнинг ўзи фокусчи каби ҳийла қилади – томошабинни сеҳрга ишонтириб, паққос алдайди.
Ўқувчи англамай қолмаслиги учун содда спойлер
ХIX аср охирлари, Лондонда икки буюк кўзбойлоғич Роберт Энджер (Хю Жекман) ва Алфред Борден (Кристиан Бэйл) муҳандис Жон Каттер (Майкл Кейн) қўлида фаолият олиб боришарди. Бахтсиз ҳодиса сабаб томоша кўрсатиш вақтида Энджернинг суюкли хотини сув ичида ҳалок бўлади. Энджер эса бу ўлимда Борденни айбдор деб билиб, режалаштирилган қотиллик сифатида уни судга беради.
Бир-биридан айро иш бошлашганидан сўнг, Энджер “Буюк Дантон” номи билан машҳур бўлади ва ўзига Оливия Венскомб (Скарлетт Йоханссон)ни ёрдамчи қилиб олади. Борден эса “Профессор” номи остида сирли шериги билан иш олиб боради. Бу вақтда эса кўзбойлоғичларнинг адовати мутлақ шахсий кўринишга ўтади ва бир-бирининг томошаларига халақит қилишни бошлайди. Ҳар иккиси ҳам томошабинларга янги ҳийлалар ўйлаб топганида кўзбойлоғичлар ўз душманининг сирларини ошкор этишга, томошабинлар олдида шарманда-ю шармисор қилишга интилади. Фильмдаги воқеалар ажойиб фокуслар, янги ҳийлалар ва сирли ҳодисалар билан давом этади. Якунда, бир-бирининг сирларини тўлиқ ошкор эта олишганида эса воқеалар кескин бурилиш ясайди.
Сюрпризларга бой сюжет чизиғида қалин дўстлик адоватга, ҳалол рақобат эса ҳалокатли хавфга айланади. Шундан келиб чиқиб, фильмнинг мазмуни ҳам қоронғилашади: шунчаки ҳақорат қилиш, нари борса томошасини бузишнинг ўзига қониқаётган “дўстлар” энди бир-бирини буткул йўқ қилиш пайига тушади.
Бироқ барибир иккиси ҳам бир вақтлар дўст бўлганликларини эслашади. Улардан бири қасос олишга интилса, иккинчиси ўзини айбдор ҳис қилади. Фильм давомида Энджер Борденнинг ҳийла-найранглари сирини очишга бор кучи билан интилади ва фильм охирида бу сир уни ҳайратда қолдиради. Сабаби у бу ҳақиқатни ҳамма вақт билар эди.
Фокус учбурчаги
Барча таҳлил ва шарҳларда томошабинлар фильмнинг ўзига хос тузилишига эътибор беришган. Кино сюжет / кулминация / хулосага эмас, балки буткул чалкаш, кучли диққатни талаб қиладиган воқеалар ривожи асосида қурилган.
“Ўлжа” деб номланган фокуснинг биринчи қисмида сеҳргар томошабинга умумий объектни тақдим этади: карталар, қуш ёки одам. Энг бошида эса томошабин юзи ниҳоятда яқиндан олинган Роберт Энджерни кўради. Нимага? Чунки айнан у томошабин учун ўлжа вазифасини бажаради.
Фокуснинг иккинчи қисми “эврилиш ёки трансформация” деб аталади. Томошабин Энджер “эврилишдан” қандай ўтишини томоша қилади: у аквариумга ўз хоҳиши билан тушиб, чўкиб ўлади. (Энджер масофаси анча узоқ бўлган икки эшикдан бирини очиб, ҳеч қанча вақт ўтмай иккинчисидан чиқадиган фокус саҳнаси назарда тутилмоқда) Киносеварлар қарсак чалишга шошилмайди, боиси фокусчи маҳоратининг нуқтаси объектнинг йўқ бўлиб қолишида эмас, яна қайтиб ўз ҳолига қайтишида бўлади. Бу эса фокуснинг учинчи бўлагини талаб этади.
Бу “престиж” деб аталадиган энг қийин қисм. Яъни картинанинг авж нуқтаси энг бошида, муқаддимада кўрсатилади. Очиб бериладиган саҳнасида даҳо режиссёр томошабинни ҳам фокуснинг совуқ принциплари, ҳам тушунарсиз сюжет билан таништиради.
“Престиж” – бу мафтункор найранглар, иллюзиялар ва улкан ёлғон ҳақидаги фильм. Бу мазмунни тўлиқ кўрсатишнинг энг яхши усули эса томоша қилаётган вақтда томошабинни алдашдир. Демоқчиманки, фильмнинг бошланиш саҳнасини “ёлғон ичидаги ёлғон” деса ҳам бўлади.
Томошабин (ффу, жуда кўп такрорланяпти шу сўз) фильмнинг яширин маъносини тушуниши учун Нолан турли ишораларда антиқа маслаҳатлар беради. Эътибор берилса, кино “диққат билан томоша қиляпсизми” деган сўзлар билан бошланади.
Борденнинг кундалиги
Ҳамма бало шу кундаликда эди. Аслида, унда ҳайратланарли ҳеч нарса йўқ, бироқ ичидаги ёзувларни ўқиш учун Энджер бор-будини беради, ҳатто уни севиб қолаётган Оливияни шу кундаликни ўғирлаб келиши учун жирканч вазифани юклашдан ҳам тап тортмайди.
Кундаликдаги биринчи жумла тахминан шундай: “Биз ёш эдик ва бизни катта муваффақиятлар кутиб турарди. Ўзимизни магия ва гўзал ҳийланинг сирларига бағишладик ва ҳеч кимга ҳеч вақт ёмонлик тиламадик...”
Гап икки ака-ука Борден ва Фаллон ҳақида кетмоқда. Аммо ўлжа сифатида томошабинга Борден ва Энджер тақдим этилади, худдики барча ҳодисалар улар орқали содир бўлаётгандек. Аслида ҳам фокуслар механизми шундай ишлайди: улар эътиборни ҳақиқатда содир бўлаётган нарсадан чалғитади.
Мизан-саҳналардан бирида Сара томошабинга нимага диққатни қаратиш кераклигини айтади. У шундай дейди: “Алфред, бу сен эмассан. Ўзгаришни бас қил!” Зукко кино ихлосмандлари шу жумланинг ўзиданоқ ишораларни ажратиб олади.
Цилиндрлар ва канарейкалар
Устахонада бир нечта цилиндрлар ва қафасларда ўтирган жуда кўплаб бир хил канарейкаларни кўрамиз. Бир оз вақт ўтиб, фокусчи канарейканинг ғойиб бўлиши ва тағин йўқ жойдан учиб чиқиши саҳнаси билан найранг қилади. Залдаги ёш, аммо зийрак томошабин бу бояги қуш эмаслигини таъкидлайди.
Бу ҳолат ҳам Алфреднинг, ҳам Энджелнинг ақл бовар қилмас ҳийлаларига изоҳ бериб кетади.
“Престиж” якунда бизга яхшигина шоктерапия тайёрлаб қўйганини охиригача борган томошабин яхши билади. Якун чиндан даҳшатли. Барча ёлғонлар бир вақтнинг ўзида шафқатсизларча очиб ташланади.
“Чироқчилар” можаросидан олинган илҳом
Нолан қайсидир маънода Никола Tesla ва Томас Эдисон ўртасидаги можаровий рақобатдан илҳомланган. Бу Энджер ҳамда Борден ўртасидаги душманликни акс эттиришга ёрдам берган.
Энджер ҳар бир найрангни кўчириб олиш мумкин, деган гапида ўзини ҳақлигини исботлайди. Фақат бу исбот унга қимматга тушади. Tesla унга одамни бир жойдан иккинчи жойга телепортация қила оладиган машина ясаб беради. Лекин у телепортация эмас, исталган нарсанинг оригиналидан заррача фарқ қилмайдиган нусхасини яратувчи ихтиро бўлиб чиқади. “Дантон”нинг нусхаси яратилганда ҳам у шунчаки нусха эмас, Энджелнинг жамики хотиралари, орзу ва изтироблари билан бир хил бўлган клони бўлади. Ва ниҳоят, Энджел ўзини клонлаш орқали Борденнинг сўнгги ҳийласини ўз нусхаси ёрдамида такрорлай олади. Саҳна якунлангач, Энджел ҳар сафар эгизагини ўлдиради. Бу худкушлик Фаллон уни отиб ўлдирмагунга қадар қайта ва қайта давом этаверади.
Фильм ғояси нимадан иборат?
Фильмнинг ғояси шундан иборатки, бу бешафқат дунёда ҳеч қандай сеҳр-жоду йўқ, фақат кучли тажриба ва илм-фан бор.
Энджер учун ўша йўқ афсунни излаш уни ҳаракатлантирувчи асосий куч эди. У нафақат одамларни сеҳр борлигига ишонтиришга уринди, балки ўзи ҳам бунга умид боғлади. “У буни қандай қилади” деган саволга жавоб доимо унинг олдида эди, лекин Энджел Борденнинг “бениҳоя буюк” фокусининг жавоби бунчалик оддий ва кўнгилни айнитар даражада содда бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблади.
Энджер энг фидойи томошабин ҳам эди. У жоду йўқлигини ҳаммадан кўра яхшироқ билса ҳам излашдан бир сония бўлсин чалғимади. Натижада эса у Teslaнинг клон машинасини кашф этганида, сеҳр мавжуд эканлигини исботлаш учун ҳеч иккиланмай ўз ҳаётини қайта-қайта қурбон қилишга рози бўлди.
Даҳолик ва ёвузлик
Бу фильмда режиссёр “даҳолик ва ёвузлик” мавзусини обдан ўрганган. Бу кинода айтарлик ижобий белги йўқ. (Алтруизм асосий қаҳрамонларга ғирт бегона бўлган ҳолат)
Саҳна орқасидаги сеҳрли дунё ёлғон, хиёнат ва фитнага тўла бўлиб чиқади. Аммо ҳақиқий дунё, илм-фан олами бундан яхшироқ эмас: ажойиб электрофизик Никола Tesla Энджернинг изланишларининг оқибати нима билан якун топиши мумкинлигини яхши билган одам сифатида шунчаки кўздан ғойиб бўлишни афзал кўради.
Фильмда Нолан ҳасадни (севгида эмас, касбда) фазилат сифатида тақдим этади. Энджер – бу “Салери”. (мажозий маънода, албатта. Ҳақиқий Салери Моцартга ҳасад қилмаган, унинг ўлимига ҳам сабаб бўлмаган) У Борденга – “Моцарт”га табиий истеъдоди ва унинг орқасидан келадиган олқишлари учун ҳасад қилади. Айнан шу ҳасад уни шу ҳолга олиб келади.
Қаҳрамонларнинг ҳар бири бошқасидан кўра кўпроқ моҳир иллюзионист бўлишни хоҳлайди. Ҳийла-найрангга интилиб, иккаласи ҳам ўз жонларини қурбон қилишга тайёр эди. Мана, масалан, Алфред ва Фаллон саҳнада энг зўр бўлиш учун битта ҳаётни баҳам кўради.
Якун яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун тақриз сўнгида кичкина изоҳ ёзиб кетаман: ҳақиқий “престиж” бу Энджерни ўлдирган ака-укалардан бирининг пайдо бўлиши ва бу “престиж”нинг диққат марказида биродарларнинг иккинчиси қатл этилиши. Яъни Энджер ўлимидан олдин бу сафар ҳам алданганини, жавоби оддий бўлган ҳийлага осонгина чув тушганини тушуниб етади.
Кинодан иқтибослар
Офицер ва Борден
О: Биронта айтадиган гапинг борми?
Б: Абракадабра!
Каттер: “Сен ҳозир бу ҳийланинг сирини топишга уринмоқдасан. Лекин буни топа олмайсан, чунки сен буни тўғри қидирмаяпсан. Сен ҳақиқатан ҳам ҳийланинг сирини топмоқчи эмассан, балки бу ҳийлага алданишни хоҳлайсан”.
Борден: “Етарлича эътибор қаратганман деб ўйлайсизларми?”
Tesla: “Имконсиз деган нарса мавжуд эмас, жаноб Энджер. Сиз хоҳлаётган нарса шунчаки қиммат холос”.
Tesla: “Илмий тараққиётга чегара доимо жамият томонидан қўйилади. Дунёни биринчи марта ўзгартирганимда улар мени олқишлади. Иккинчи марта ўзгартирмоқчи бўлганимда эса истеъфога чиқишимни талаб қилишди. Дунё бир вақтнинг ўзида фақат битта ўзгаришга бардош бера олади”.
Азизбек Юсупов
Изоҳ (0)