Мисрнинг Искандария шаҳрида 13 қаватли турар жой биноси қулаб тушди. Бу ҳақда Al-Arabiya хабар берди.
Маълум қилинишича, бино вайроналари остида омон қолганларни қидириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса Халил Ҳамада кўчасида юз берган, фуқаро муҳофазаси кучлари воқеа жойига жалб қилинган. Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги бино қулаши оқибатида камида тўрт киши жабрланганини айтмоқда.
Расмийлар ҳодиса пайтида бинода бўлганларнинг аниқ сони ҳақида маълумотга эга эмас ва ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Бироқ бинода жойлашган кичик супермаркетнинг мижозлари билан бир қаторда бир неча аҳоли ҳам бино остида қолиб кетган. Вайроналар остида болалар борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Қулашга бино структурасидаги “вертикал бўлиниш” сабаб бўлган, ҳозирда тафсилотларни аниқлаш учун прокуратура томонидан тергов олиб борилмоқда.
Бино атрофидаги мулкларга зарар етмаган ва уларнинг аҳолиси эвакуация қилинмаган. Мисрда етарли техник хизмат кўрсатиш мавжуд эмаслиги ва қурилиш меъёрларининг пастлиги ҳисобига биноларнинг қулаши тез-тез учраб туради.
Изоҳ (0)