Европа Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари Европа тинчлик фонди жамғармасини 3,5 миллиард еврога оширишни маъқуллади.
Ушбу фонддан Брюссел Украинага қурол етказиб бериш учун маблағ ажратади. Ушбу қарор жамғарманинг “молиявий барқарорлигини таъминлаш”га қаратилган.
“Бугунги қарор бизга ҳамкорларимизнинг қуролли кучларига аниқ ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш учун маблағ ажратилишини таъминлайди. Фонд 2021 йилда ташкил этилганидан буён иккинчи марта жамғармаси оширилмоқда.
Икки йилдан камроқ вақт ичида фонд ўз самарадорлигини исботлади. Мудофаа бўйича ҳамкорларимизни қўллаб-қувватлаш бутунлай ўзгарди. Бу Европа иттифоқи ва унинг ҳамкорларини янада кучли қилади”, — деди Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррел.
Апрель ойида Европа кенгаши Украинага Тинчлик фонди орқали 1 миллиард евролик ўқ-дори етказиб бериш режасини маъқуллаган эди. Май ойида ЕИ Украина Қуролли кучлари артиллерияси учун снарядлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш режасини тақдим этди, бунинг учун 1,5 миллиард евро сарфланиши маълум қилинди.
Изоҳ (0)