Самарқанд вилояти Булунғур туманида 10 туп дарахт кесиб ташлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
17 июнь куни яшил белбоғ (иҳота) шаклида экилган 10 га яқин қайрағоч дарахти кесиб ташланганди. Ўзини таништиришни истамаган фуқаро ҳудудда қурилиш қилишини билдирган. Дарахтларни кесиш бўйича эса ҳеч бир ҳужжат тақдим эта олмаган.
Булунғур тумани ҳудудидан ўтувчи Тошкент—Самарқанд М-39-автомагистрал йўли ёқасида экилган қарийб 50-55 йиллик ушбу дарахтлар кесилгани оқибатида табиатга 774,6 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Ўтказилган текшириш натижасига кўра, бир гуруҳ фуқаролар томонидан 9 туп соғлом ва 1 туп қувраган қайрағоч ноқонуний кесиб ташлангани юзасидан фуқаро С.Х. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда Булунғур тумани ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)