Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер 22 июнь, пайшанба куни расмий ташриф билан Қирғизистонга келди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров уни президент саройида кутиб олди. Қозоғистондаги каби Қирғизистонда ҳам Штайнмаер Германия республикага ўзини ҳамкор сифатида кўрсатиш ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидламоқчи.
DPA агентлигига кўра, Германия президенти ўзини анъанавий равишда Марказий Осиё минтақасида катта рол ўйнайдиган Россия ва Хитойга муқобил вариант сифатида таклиф қилмоқда.
Бишкекка келгач, Штайнмаер Қирғизистонга ташрифининг катта қисми Украинадаги уруш, унинг Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари, жумладан, Германия учун оқибатларини муҳокама қилишга бағишланиши мумкинлигини айтди.
Штайнмаер Германия Қирғизистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини эслатди.
“Бизда 30 йилдан ортиқ вақтдан бери жуда барқарор муносабатлар бор, улар жадал ривожланмоқда, икки томонлама ташрифларимиз бунинг далилидир”, — деди Германия президенти.
Бу Франк-Валтер Штайнмаернинг Қирғизистонга учинчи ташрифидир.
Иқтисодий нуқтаи назардан Қирғизистон ноёб металлар ва олтиннинг бой захираларига эга мамлакат сифатида Германияни қизиқтиради.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров, ўз навбатида, Бишкек Германия билан фаол ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканини, Германия нафақат Европа, балки бутун дунёда етакчи давлатлардан бирилигини таъкидлади.
“Германия ўзининг сиёсий нуфузи ва иқтисодий салоҳияти туфайли дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан, Қирғизистон учун ҳам намунадир”, — деди Жапаров. “Биз демократик қадриятлар, асосий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан қараймиз, улар Германияда ҳам юксак қадрланади. Мамлакатимизни демократик ривожлантириш, кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий тизимни барпо этишда Германия қўллаб-қувватлови биз учун жуда муҳим.
Германия президенти, Қирғизистондан аввал Қозоғистонга ташриф буюрганди. У ерда президент Қосим-Жўмарт Тўқаев билан музокаралар ўтказган. Тўқаев Франк-Валтер Штайнмаер билан қўшма матбуот анжуманида Украинада ўт очишнинг тўхтатилишига умид билдирди ва бунга эришиш учун Остона қўлидан келганча ҳисса қўшишга тайёрлигини айтди.
Изоҳ (0)