АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин томонидан тактик ядровий қуролдан фойдаланиш таҳдиди “реал” эканини айтди.
Аввалроқ Оқ уй раҳбари Россиянинг Беларусда бундай қуролларни жойлаштирганини қоралаб, Путиннинг баёнотини “мутлақо масъулиятсизлик” деб атаган эди, деб ёзади Reuters.
“Икки йилча олдин бу ерда бўлиб, Колорадо дарёсининг қуриб кетишидан хавотирда эканимни айтганимда, ҳамма менга ақлдан озган одамга қарагандек қараган. Путиннинг тактик ядро қуролини қўллашидан хавотирдалигимни айтганимда ҳам улар менга худди шундай қаради. Бу реал”, — деди Байден Калифорниядаги донорлар гуруҳи билан учрашувда.
Ўтган ҳафта Александр Лукашенко Беларусь Россиянинг тактик ядровий қуролларини қабул қилишни бошлаганини, уларнинг баъзилари АҚШнинг 1945 йилда Хиросима ва Нагасакига ташлаган атом бомбаларидан уч баравар кучлироқ эканини айтди. Кейинроқ Путин ядровий зарядларнинг биринчи партияси Беларусга етказилганини, қолганларини 2023 йил охиригача кўчириш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Бу Россиянинг Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин биринчи марта қисқа масофали ядро қуролларини ўз ҳудудидан ташқарида жойлаштириши.
Москва Минскка ядровий қурол ташишга қодир “Искандар” ракета тизимини ҳам топширган ва Беларусь самолётларини махсус ўқ-дорилардан фойдаланиш учун қайта жиҳозлашда ёрдам берган. Шунингдек, Беларусь ҳарбий хизматчилари Россияда тегишли тайёргарликдан ўтказилган.
Изоҳ (0)