Хитойнинг Уси шаҳрида қиличбозлик бўйича Осиё чемпионати давом этмоқда.
19 июнь кунги баҳсларда аёллар ўртасида сабля йўналишида иштирок этган Зайнаб Дайибекова олтин медални қўлга киритди.
Ўзбекистон вакили саралашда Вьетнам, Хитой ва Австралия спортчиларидан устун келди. Ярим финалда ҳиндистонлик Бҳавани Чадалаваданини енгди (15:14).
Финалда Дайибековага Жаҳон чемпионатининг уч карра совриндори, Токио—2020 Олимпиадаси бронза медали соҳиби Жанубий Корея вакили Жи Су Юн рақиб бўлди. Унда Зайнаб 15:9 ҳисобида ғалабани қўлга киритиб, олтин медалга эга чиқди.
Бу Ўзбекистон делегацияси учун мазкур Осиё чемпионатидаги илк медал бўлди.
Изоҳ (0)