Формула 1 бўйича 2023 йилги мавсумнинг ҳисоб бўйича 8-Гран-приси Канадада бўлиб ўтди.
Унда Red Bull пойгачиси Макс Ферстаппен ғолиб чиқди. Бу нидерландиялик пойгачи учун Гран-прилардаги кетма-кет тўртинчи ғолиблик бўлди. Aston Martin вакили Фернандо Алонсо иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, Mercedes пойгачиси Льюис Ҳемилтон кучли учликка якун ясади.
Ферстаппен фаолиятида 41 марта Гран-при ғолибига айланди ва бу борада уч карра жаҳон чемпиони Айртон Сенна билан тенглашиб олди. Сенна ва Ферстаппен мазкур кўрсаткич бўйича бешинчи ўринни бўлишиб турибди. Льюис Ҳемилтон (103 ғалаба), Михаэл Шумахер (91), Себастьян Феттел (53) ва Ален Прост (51) улардан олдинда.
2023 йилги мавсумда ортда қолган 8 пойганинг олтитасида ғалаба қозонган нидерландиялик спортчи 195 очко билан умумий рўйхатда етакчилик қилмоқда. Унинг жамоадоши Серхио Перес (126) иккинчи поғонада бормоқда. Кейинги ўринларни Алонсо (117) ва Ҳемилтон (102) банд этган.
2023 йилги мавсумнинг ортда қолган Гран-приларида ғолиб бўлганлар билан танишинг:
- Макс Ферстаппен (Баҳрайн Гран-приси)
- Серхио Перес (Саудия Арабистони)
- Макс Ферстаппен (Австралия)
- Серхио Перес (Озарбайжон)
- Макс Ферстаппен (Майами, АҚШ)
- Макс Ферстаппен (Монако)
- Макс Ферстаппен (Испания)
- Макс Ферстаппен (Канада)
Ферстаппен 2021 ва 2022 йилги мавсумлар чемпиони ҳисобланади.
Изоҳ (0)