Миллиардер Роман Абрамович “Челси” футбол клуби сотувидан тушган пулларни Украинага ўтказишдан бош тортмоқда.
Клубнинг Тодд Боули ва бошқа инвесторларга сотувидан тушган 2,3 миллиард фунт Буюк Британия ҳукумати томонидан музлатиб қўйилган ва уни Украинага юбориш учун “Челси” собиқ эгасининг имзоси керак бўлади.
Бироқ Абрамович имзо қўйишдан бош тортмоқда, у мазкур пуллар Украина ва Россия ўртасида тақсимланишини истаяпти, дея хабар қилмоқда Daily Mail. Хусусан, Абрамович пулларнинг бир қисми можародан жабр кўрган россияликларга берилишини хоҳлаяпти.
“Пулларни ўтган йили ўтказишади деган умид бор эди, кейин биз январда ўтказишларига умид қилдик. Ҳозир эса пуллар Украинага қаҳратон қишгача етиб боришига умид боғлаяпмиз. Бироқ ҳозир бу масала амалга ошишига ҳеч қандай кафолат йўқ”, — деган Daily Mail манбаси.
Маълумот учун, Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида юзага келган вазият туфайли Абрамовичнинг Буюк Британиядаги мулклари, хусусан, “Челси”нинг ҳисоб рақами ҳам музлатилди. Аввалига миллиардер “Челси” бошқарувини хайрия фондига топширди, кейинчалик ҳукуматнинг турли босимлари сабаб клубни сотишга мажбур бўлди. 2022 йилнинг май ойида Абрамович “Челси”ни америкалик миллиардер Тодд Боули ва Clearlake Capital консорсиумига сотди. Келишув 4,25 миллиард фунтга баҳолангани хабар қилинди.
Изоҳ (0)