Фарзандини йиғлатиб, видеога олган аёл видеолар тармоқларда тарқалиб кетганидан шикоят қилиб, Андижон вилоят ИИБга мурожаат қилган ва эрига нисбатан чора кўрилишини сўраган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Андижон вилоятининг Улуғнор тумани “Чўлобод” маҳалласида яшовчи 21 ёшли аёл 2023 йил 13 июнь куни яшаш уйидан Россияда ишлаётган турмуш ўртоғига оилавий келишмовчилик сабабли беш ойлик фарзандини йиғлатган ҳолдаги видеотасвирларни Telegram мессенжери орқали жўнатган.
“Ушбу видеохабарлар ижтимоий тармоқларга тарқалгандан сўнг, Ш.О. исмли аёл 14 июнь куни 22:36 да вилоят ИИБнинг 102 хизматига қўнғироқ қилиб, унда Telegram мессенжери орқали турмуш ўртоғига фарзанди билан боғлиқ видеохабарларни жўнатганлигини, бироқ турмуш ўртоғи ушбу видеохабарларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб, обрўсизлантираётганлигини маълум қилган. Ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган”, — дейилади расмийлар изоҳида.
Қўшимча қилинишича, аёлнинг фарзандига нисбатан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Андижон вилоятининг Улуғнор тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
“Ушбу ҳолат бўйича гувоҳларнинг важлари тўлиқ текширилиб, ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритилгандан сўнг, қўшимча равишда маълумот тақдим этилади”, — дейди масъуллар.
Изоҳ (0)