Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида икки ёшли бола қулаб тушган хонадон деворлари орасида қолиб кетди. Фавқулодда вазиятлар бўлими қутқарувчилари ёрдами билан бола ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани “Олий ҳиммат” маҳалласининг Неъмат берк кўчасида яшовчи фуқаро ўзбошимчалик билан хонадонидан чуқур қазиган.
“Фуқаро ўзбошимчалик билан ўз хонадонидан чуқур (котлован) қазийди ва хонадонининг бир қисми ағдарилиб тушади. Девор ағдарилган вақтда хонадонда фуқаронинг ўз фарзанди ва оила аъзолари бўлган. Юзага келган нохуш ҳолат сабаб икки ёшли фарзанди ағдарилган деворлар орасида қолиб кетади”, — дейилади ҳокимлик хабарида.
Қўшимча қилинишича, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимларининг саъйи-ҳаракатлари билан икки ёшли бола соғ-саломат ота-онасига қайтарилган.
“Ҳурматли фуқаролар ўзбошимчалик билан қурилишларни ташкил этиш, чуқур (котлован) қазиш ва уй-жой қуриш нормаларидан четга чиқиш, аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун огоҳ бўлинг ва тегишли ташкилотлар рухсати асосида ўз қурилишларингизни қонуний ташкил этинг”, — дейди ҳокимлик вакиллари фуқароларни огоҳлантирар экан.
Изоҳ (0)