“Дарё”да Тошкент шаҳар судининг очиқ мажлисларидан бирида камдан кам кузатиладиган ҳолат ҳақида сўз юритилган “Судьялар ҳайъати ОАВни рад этди, адвокат эса судьялар ҳайъатига ‘отвод’ берди: Тошкент шаҳар судида камдан кам кузатиладиган жараён содир бўлди”, сарлавҳали материал эълон қилинганди. Олий суд ахборот хизмати мазкур хабарни танқидий мақола сифатида қабул қилиб, ҳиссиётга йўғрилган муносабат билдирган эди.
Адвокат Ҳайрулло Қосимов Олий суд ахборот хизмати томонидан билдириган муносабат Олий суд Пленумининг қарори қонунчилик ёки қонун ҳужжати эмаслиги ҳақида “Дарё”га ўз муносабатини билдирди.
“Ер билан осмонча фарқи бор”
Бугун Олий суднинг Telegram’даги расмий каналида “Дарё.уз” сайтида берилган мақола юзасидан чиқарилган муносабат эътиборимни тортди. Хабардаги маълумот ўз йўлига, лекин шу кичкина хабарнинг ўзида Олий суд Пленумининг қарори иккита жойда қонунчилик ҳужжати сифатида, битта жойда қонун ҳужжати сифатида кўрсатиб ўтилган.
Аслида Олий суд Пленум қарорлари қонунчилик ҳужжатлари ҳам, қонун ҳужжати ҳам эмас. Пленум қарорларида суд амалиётининг долзарб масалалари юзасидан қонунчиликнинг қўлланилиши юзасидан тушунтиришлар берилади. Қонунчилик ҳужжати билан унга берилган тушунтиришнинг ер билан осмонча фарқи бор.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” ги қонуннинг 6-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари қуйидагилардан иборат:
- Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;
- Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;
- вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.
Шу қонуннинг 7-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатлари бўлиб, улар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонун ҳужжатларидир.
“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради.
Агар бошқа бирорта сайтда шундай хатога йўл қўйилса тушуниш мумкин, лекин суд тизимининг энг юқори органидан бундай хатолик чиқса ҳазм қилиш озгина қийин бўларкан.
“Дарё” интернет-нашри Олий суд ахборот хизматига ўзларининг муносабатидан келиб чиқиб бир нечта саволлар билан чиққан эди. Лекин бу бўйича Олий суддан жавоб бўлганича йўқ.
Изоҳ (0)