Рус тилидан фойдаланиш қочқинларнинг Польшада ўз ўрнини топишига тўсқинлик қилмоқда, деди мамлакатдаги Украинлар иттифоқи раҳбари Мирослав Скурка The Guardian нашрига.
“Рус тилида гаплашадиган беларуслар ҳеч ким билан муаммога дуч келмайди, лекин украинлар ҳақида гап кетганда, одамлар бу сиёсий афзалликми, деб ҳайрон бўлади. Кўпчилик (поляклар) учун улар нега украин ёки поляк тилини ўрганмаганини тушуниш қийин бўлди”, — деди Скурка.
Иттифоқ раҳбарининг қўшимча қилишича, Украинадаги уруш “рус тилининг мулоқотда нейтрал тил сифатидаги мақомини ўлдирган”. Унинг сўзларига кўра, Польшадаги Украинлар иттифоқига ёрдам беришни истаган, аммо ёрдам олган қочқинлар рус тилидан фойдаланишни давом эттираётганидан хавотир билдирган поляклар томонидан кўплаб шикоятлар келиб тушган. Шу муносабат билан полшаликларнинг украинларга муносабати тобора салбий бўлиб бормоқда, деди Скурка баҳорда ўтказилган ижтимоий сўровга таяниб.
25 апрель куни Скурка 2022 йилда рекорд даражадаги чет эл фуқаролари, асосан беларуслар ва украинлар Польша фуқаролигини олгани ҳақида маълум қилганди. Хусусан, ўтган йили 10 минг киши Польша паспортини олди, улардан 5,2 минг нафари Украина фуқаролари, 3 мингга яқини беларуслар, 450 нафари россияликлар эди. БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссар бошқармаси маълумотларига кўра, 22 май ҳолатига Польшада 1,5 миллиондан ортиқ украиналик рўйхатга олинган.
Изоҳ (0)