Херсон вилоятининг Россияга қўшиб олинган қисмида жойлашган Каховка ГЭС тўғони қисман вайрон бўлди. 6 июнь куни эрта тонгда ижтимоий тармоқларда ГЭС юқори тўғонининг вайрон бўлган қисмидан сув оқаётгани акс этган видео тарқалди.
Кейинроқ Украина Қуролли кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Россия қўшинлари гидроэлектрстанциясини “портлатиб юборганини” маълум қилди. Херсон вилояти маъмурияти раҳбари Александр Прокудин ҳам Россия томони ГЭСни портлатганини маълум қилди. Россия томонидан тайинланган Новая Каховка “мэри” Владимир Леонтиев аввалига портлаш ҳақидаги маълумотни рад этди, бироқ кейинроқ “маъмуриятдагилар” Украина томонидан тунги ўққа тутишлар оқибатида ГЭСнинг юқори қисми вайрон бўлгани, аммо тўғон сақланиб қолгани ҳақида айтишди. ТАСС хабарига кўра, Каховка ГЭСда тўғон оралиқларининг 28 тадан 11 таси вайрон бўлган.
Каховка сув омборидаги сув Днепрнинг қуйи оқимига назоратсиз равишда қуйилмоқда, деди Новая Каховка “мэри” Леонтиев. Унинг сўзларига кўра, Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлгач, қуйи оқимдаги сув сатҳи 2,5 метрга кўтарилган. Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудиннинг таъкидлашича, сув беш соат ичида критик даражага етади. Херсон вилоятининг россияпараст “ҳукумати” Днепрнинг қирғоқбўйи ҳудудларида вазият назорат остида эканини маълум қилди. “Ягона таҳдид шундаки, ҳозир биз Қримга сув етказиб беришда муаммоларга дуч келяпмиз. (Украина Қуролли кучлари томонидан) Нова Каховкага зарба бериш давом этмоқда. Ҳамма ўз жойида, электр бор”, — деди Леонтиев.
Ўнлаб аҳоли пунктлари сув остида қолиши мумкин. “ТАСС” Россия фавқулодда хизматларига таяниб, хабар беришича, гап 80 та аҳоли пунктини сув босиши мумкинлиги ҳақида кетмоқда. Херсон вилоятининг Украина назоратидаги қисмида хавфли ҳудудларидан аҳолини эвакуация қилиш бошланган. Миллий полиция бўлинмалари ва Херсон вилояти фавқулодда вазиятлар давлат хизмати бўлинмалари Днепр дарёсининг ўнг қирғоғидаги сув тошқини эҳтимоли бўлган ҳудудлардан тинч аҳолини эвакуация қилиш учун огоҳлантирилди.
Украинада бу ҳодиса табиий муҳитни қасддан бузиш деб аталмоқда. Украина президенти Владимир Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирди. “Россия террорчилари Каховская ГЭС тўғонини вайрон қилиш орқали бутун дунёга уларни Украина заминининг ҳар бир бурчагидан ҳайдаб чиқариш зарурлигини тасдиқламоқда. Уларга бир метр ҳам жой қолдирилмаслиги керак, чунки улар ҳар бир метрдан фалокат учун фойдаланади. Фақат Украинанинг ғалабаси хавфсизликни қайтаради. Ва бу ғалаба муқаррар. На сув, на ракета ва на террорчиларнинг бошқа ҳаракатлари Украинани тўхтата олмайди”, — дея вазиятга муносабат билдирди Украина президенти.
Изоҳ (0)