101 ёшли АҚШ армияси фахрийси Фредрик Тейлор Айова штатидаги Kornell коллежининг битирув маросимида қатнашди, у 80 йил олдин Иккинчи жаҳон уруши туфайли диплом олиш тадбирини ўтказиб юборган, деб ёзмоқда “Правила жизни” нашри.
Тейлор Kornell коллежида мусиқа соҳаси бўйича таҳсил олган ва 1943 йилда якуний имтиҳонларни муваффақиятли топширган. Бироқ у армия ҳаво корпусига қўшилган ва ўқув лагерига кетган, шунинг учун битирув маросимида қатнаша олмаган.
Тейлор кейинроқ диплом олган, бироқ унинг қизи, антропология профессори Линда отаси коллеждаги маросимни ўтказиб юборганидан ҳайрон қолган. У 2023 йилда коллеж маъмурияти билан гаплашган ва Фредрикнинг бошқа битирувчилар билан бирга мантия кийиб, диплом олиш учун саҳнага чиқишини келишган.
Тейлор қизининг бу ишидан жуда мамнун бўлган, чунки Kornell коллежи бир неча сабабларга кўра унинг қалбида “ўта муҳим” ўрин тутади. Бу сабаблардан бири унинг марҳум рафиқаси Пегги бўлиб, Тейлор у билан ўқиш пайтида танишган. Жуфтликнинг турмуш қурганига 75 йилдан ошди. Фредрикнинг рафиқаси 2020 йилда вафот этган.
Тейлор армияда хизмат қилгандан сўнг, магистрлик даражасини олди, сўнгра мактабда мусиқадан дарс бера бошлади. У тез-тез битирув маросимларида иштирок этадиган мактаб ансамблларига раҳбарлик қилди ва ҳар сафар ўзининг битирув маросимига бормаганидан чуқур афсусланарди. У 1983 йилда нафақага чиқди ва мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни бошлади.
Изоҳ (0)