Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳаси ҳудудида номаълум одамнинг ёнган жасади топилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Андижон вилояти прокуратураси расмий баёнот берди.
Аниқланишича, 9 май куни Ҳиндистондан Ўзбекистонга келган 37 ёшли фуқаро Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган 21 ёшли ҳинд қизининг олдига бориб, унга турмуш қуриш истаги борлигини билдирган. Қиздан рад жавобини олгач, бошқа ҳиндистонлик талабаларга энди ҳаётнинг қизиғи йўқлигини, ўз жонига қасд қилиши ҳақида айтган ва Бобур номидаги истироҳат боғи ҳудудидаги адирликда номаълум суюқлик ёрдамида ўзини ёқиб, воқеа жойида вафот этган.
Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотларига кўра, марҳумнинг танаси ва ички аъзоларида бирор-бир кўринишдаги тан жароҳатлари аниқланмаган.
Ҳозирда суд тиббий, суд кимёвий ва суд биологик экспертизалари тайинланган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)