Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги 348-мактабда ўқувчини илон чақиб олди. Пойтахт мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, мактаб биноси 1978 йилда қурилган бўлиб, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманининг экинзор дала ҳудуди билан чегарадош қисмида жойлашган. Мактаб ҳудудининг чегарадош қисмида катта оқава сув канали ўтган.
10 май куни соат 12:30 да 6-синф ўқувчиси Ў.А.ни мактаб биносининг иккинчи қавати дераза ром қисмининг тирқишидан илон чақиб олган. Ўқувчига шу вақтнинг ўзида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб борилган. У ерда ўқувчи тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилиб, жиддий жароҳат олмагани аниқланган.
Бошқарма ахборот хизматининг қўшимча қилишича, мактаб биносида 2008 йилдан буён таъмирлаш ишлари олиб борилмаган бўлиб, 2023 йилнинг март—апрель ойларида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида мактабнинг том қисми мукаммал таъмирланди. Мактаб давлат дастурига кўра, 2024 йилда тўлиқ мукаммал таъмирланиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)