Дебочадан олдинги дебоча
Уйимизда мингга яқин китоблар қалашиб ётарди-ю, китоб жавони деган “матаҳ” бўлмас эди. Эски-туски, муқоваси униққан, баъзи қисмларини сичқон кемирган “тилла” китоблар ҳар ерда: хонтахта оёқларининг тагида, дераза токчаларида, (қишда совуқдан нам бўлиб кетарди шўрликлар) молхонанинг тепасида, ертўлада, ошхона идишларининг олдида, телевизор устида, умуман жавондан бошқа ҳаммаёқда бетартиб сочилиб ётарди. Кейинчалик китоб қадрини оз-мунча тушунганимдан кейин онам бўшатиб берган учта сандиққа барчасини тахлаб чиққанман.
Болалигимда мол боқишга кетар пайтим сандиқни очиб, кўзимга яхши кўринган китобни қўлтиқлардим-у, далага чопардим. Мол боқмаганлар дарахт соясида ўтириб ўқишнинг гаштини қаердан ҳам билсин!
Хуллас, Маркес ҳам ўша кезлар ўқилган. Бу китобни тўрт маротаба ўқидим: икки марта мутлақо тушунмай, бир марта баъзи бир нарсаларни англаётган палла ичим сиқилиб, ташлаб қўйганман.
Ва ниҳоят, уч йил бурун бу асарнинг нимаси бунчалик машҳур эканлигини билиш жазавасида ўқишга қаттиқ киришдим. Тугатганимдан сўнг икки кун шу асар қаҳрамонларининг ҳолатида юрганимни эслайман. Бу роман ҳовлимиздаги эски ўрик дарахтини, томорқадаги бетон йўлак бўйлаб ҳаракатланаётган юзлаб чумолиларни ўзгача ҳайрат билан кузатишимга мажбур қилган.
Асар ҳақида қисқача
“Ёлғизликнинг юз йили” Габриэль Гарсиа Маркес томонидан 1965–1966 йилларда Мехико шаҳрида ёзиб тугатилган. Асарнинг оригинал ғояси 1952 йилда, муаллиф туғилиб ўсган қишлоғи Аракатакага ташриф буюрганида пайдо бўлган.
“Ёлғизликнинг юз йили” нашр этилгач, қисқа фурсатларда бестселлерга айланади. 1966 йилдан буёғига роман 25 тилда 50 миллиондан ортиқ нусхалар сотилди. Роман Библиядан кейин испан тилидаги энг кўп сотилган китобга айланди. “Агар буни ўзим ёзмаганимда, уни ҳеч қачон ўқимаган бўлардим”, — деб тан олади Маркес 1973 йил “The Atlantic” адабий журналига берган интервьюсида. — “Мен бестселлер асарларни ўқимайман”.
Адиб дунёга ўз тасаввур оламидан келиб чиқиб қараган. Асарларининг ярми хаёлий тасаввури маҳсули. Аммо шундай далиллар борки, уларни ҳақиқатга яқин деб ҳисоблаш мумкин.
Ёш Габо онасини яхши кўрар, бироқ волиданинг ўғлига етарлича эътибор қаратиши учун вақти етмасди. Сабаби, Габриэлдан ташқари унинг яна ўн нафар фарзанди бор эди. Ўн нафар! Габо Урсуланинг хатти-харакатлари, яшаш тарзини онасидан олганлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Габриэлни жонидан ортиқ кўрган момоси — Транкилина мағрур, донишманд аёл эди ва у ҳам Маркес романларида ўзига хос тарзда акс этган.
У севиб қолган қиз — Мерсадес билан боғлиқ воқеалар ҳам буни тасдиқлайди: оилага яқин бўлган айрим кишиларнинг айтишича, танишганларида қизнинг ёши ўн учда эмас, тўққизда бўлган. Худди “Ёлғизликнинг юз йили” асаридаги митти Рамедиосни Аурелиано Буэндиа севиб қолгани каби! Шу боис, Маркес романларида балоғат ёшига етмаган қизларга нисбатан муҳаббат мавзуси пайдо бўла бошлади. Бу эса куракда турмайдиган тасодиф: қиз шунчаки кечикиб туғилган ва шунинг учун, куёвдан кичик.
Сюжет
Асар полковник Аурелиано Буэндианинг девор остида отилишини кутиб турган пайт ичидан бир-бир кечган олис хотиралари билан бошланади ва ўн бетдан сўнг сизни чигал сочга ўхшаш тушунимсиз йўлларга бошлаб кетади. Албатта, мажбурлаб эмас, буни ўзингиз, қизиқишингиз ортган сайин хоҳлаб бораверасиз.
Барчаси Хосе Аркадио Буэндиа ҳамда Урсула Игуаран ўртасидаги никоҳдан бошланади. Қариндошлар никоҳи оқибатида чўчқа думли фарзанд туғилади, деган афсоналарга ишонган Урсула эрини ўзига анча вақт яқинлаштирмайди. Бу ҳолат маҳаллада миш-мишларга сабаб бўлади. Бир куни Пруденсио Агилар Хосе Аркадионинг устидан кулгач, дарғазаб бўлган Аркадио уни ўлдириб қўяди. Шундан сўнг Агилар арвоҳи Хосени тинч қўймайди, тушларига бўғзи қонаган ҳолда кираверади ва бундан тўйиб кетган жуфтлик шаҳарни тарк этишга қарор қилади.
Жуда кўп йўл босиб, ботқоқликлар-у, чангалзорлар оралаб бир маконга келишади ва шу ерда Макондо шаҳарчасига асос солишади. Шаҳарга тез-тез ташриф буюрадиган лўлилар йўлбошчиси Мелкиадес муз олиб келганида Хосе Аркадионинг тасвирланган ҳайрати мен белгилаб, қайта-қайта ўқийдиган саҳифалардан бири.
Жуфтлик учта фарзанд кўради: Хосе Аркадио, Аурелиано ва Амаранта. Кейинчалик тинч ҳаётларига кесак еб, кун кечирадиган Ребека ҳам қўшилади. Ребека улғайгач, мафтункор қизга айланади, Хосе Аркадио уни севиб қолади ва Урсуланинг қаршилигига қарамасдан, яна қариндошлар турмуш қуради. Бу пайтда Хосе Аркадио Буэндиа турхи хил мағзи пуч тажрибаларга берилиб кетади.
Бир оз вақт ўтиб, Макондода уйқусизлик касали тарқалади, касалланган одамлар хотирасини йўқота бошлайди. Романнинг айни шу касалликка бағишланган саҳифалари ҳам жуда қизиқарли ҳамда қўрқинчли. Хотирадан буткул айрилмаслик учун нарсалар номини ёзиб, сўнг ўқишни ҳам унутиб қўйиш... Мелкиадес бунинг олдини олмаганда одамлар нафас олишни ҳам эсдан чиқариб қўяр даражага етиб борар эди.
Шундай қилиб, бутун шаҳарни даволаган лўли Аркадионинг уйида яшаб, сирли тажрибалар ўтказиб, нимадирлар ёза бошлайди.
Оилабоши Хосе Аркадио Буэндиа тамоман ақлдан озади. Оиласи уни қорақайинга боғлаб қўйишгач, у узоқ вақт дарахт остида ёлғизликда қолиб, охир-оқибат вафот этади.
Либераллар ва консерваторлар ўртасида фуқаролар уруши бошланиши ҳамда унга боғлиқ Аурелиано Буэндиа тақдири асарни яна ҳам чигаллаштиради. У консерваторларга қарши Макондо аскарлари раҳбари бўлиб урушга кетади. Полковник Аурелиано 17 аёлдан 17 фарзанд кўради. Уларнинг ҳаммасига Аурелиано исми берилади. Бу мантиқсизлик дейсизми? Асло. Бу рамз ва ёзувчи худди шу рамз орқали ёзилган битикни ҳеч бир одам, ҳеч бир усул билан ўчириб ташлолмайди, ҳаммани барибир ёлғизлик ўз домига тортиб кетади, демоқчи бўлган.
Аканинг ўрнида қолган Аркадио ҳоким бўлгач, одилона бошқарувга зид ҳаракатлар қилади: черковни тақиқлайди, консерваторларни бадарға қилади. Алалоқибатда, айнан консерваторлар томонидан отиб ўлдирилади.
Аурелиано Буэндиа эса ўзининг либераллар йўлбошчиси сифатидаги фаолияти давомида 32 марта катта жангларда қатнашади ва ҳаммасида ютқизади. Урушнинг мантиқсизлигини англаб етгач эса Макондога қайтади. У ерда умрининг охирига қадар ёлғизликда олтин балиқчалар ясаб ўтиради.
Орадан йиллар ўтади. Аркадионинг эвараси Аурелиано Бабилония фавқулодда ақлли, фаҳм-фаросатли йигит бўлиб етишади. Унинг томирида отаси лўли Маурисио қони бўлгани учун буваси уни ҳеч кимга кўрсатмай катта қилади. Аурелиано Бабилония улғайгач, бутун умрини Мелкиадес ёзиб кетган пергаментларни таржима қилишга сарфлайди. Кейин Бабилониянинг Гастонга турмушга чиққан холаси Амаранта Урсула Бельгиядан қайтиб, Аурелианони ёқтириб қолади. У жияни эканлигини билмайди ва хола-жиян севишиб қолади. Бундан хабар топган Гастон жаҳл устида Брюсселга қайтиб кетади. Амаранта Урсула ҳомиладор бўлиб қолади.
Ой куни келгач, Амаранта чўчқа думли чақалоқни дунёга келтиради-ю, ўзи вафот этади. Бундан чуқур изтиробга тушган Аурелиано қовоқхонада тонгга қадар шароб ичиб чиқади. Саҳар вақти уйга қайтгач, чўчқа думли ўғли эсига тушиб, у ётган хонага югуради. Бироқ энди кеч: чақалоқни аллақачон чумолилар еб битирган эди. У айни шу лаҳзаларда Мелкиадес қўлёзмаларини сирини ечишга муваффақ бўлади. Бу қўлёзмаларда эса Буэндиа сулоласининг аянчли тақдири роппа-роса юз йил олдин башорат қилинган эди: “Авлоднинг биринчи вакилини дарахтга боғлаб қўйишади, авлоднинг сўнггисини чумолилар еб битиради”.
Таҳлил ва хулоса
Асарда ғайриоддий ҳамда ақл бовар қилмас воқеалар шундай баён этилганки, на ёзувчининг ўзи, на персонажлар ва на ўқувчи бундан ажабланади. Бу асар дунёсида мўжизалар ўзини худди ҳар кунги ҳодисадек, ортиқча тушунтиришга ҳожат қолмагандек тутади. Шунинг учун асар “Мўжизавий реализм” деб аталган.
Габриэль Гарсиа Маркес ўз юртидаги ажойиб мифлар, эл орасидаги турли, қизиқарли чўпчаклар, афсоналар билан бу шоҳ асарига “безаклар” бериб чиққани шубҳасиз. Асар давомида жуда кучли, иродали, фавқулодда лидерлик характерига эга шахслар бўй кўрсатади, бироқ уларнинг ҳаммаси ёлғизликда ўлим топади ёки бешафқат вақт уларни абадий ёлғизлик гирдобига буткул улоқтириб ташлайди. Асар қаҳрамонларининг деярли барчасига зулукдек ёпишиб олган нарса битта — Ёлғизлик!
Китобхон яхшилаб эътибор берса, тез пайқайди: асар қаҳрамонларининг исмлари авлоддан авлодга ўтиб, бир хил такрорланаверади. Бунда Маркес ўзларидан олдин яшаб ўтган аждодларнинг изтироблари, ғуссалари, орзулари, армонлари, хотиралари ва хатолари янги авлодга мисоли тавқи лаънатдек мерос бўлиб қолишини рамзий маънода ифодалаган.
Исбот ўлароқ, Хосе Аркадио ва Урсуладан туғилган болалар — Хосе Аркадио, Аурелиано ҳамда Амарантанинг авлодлари қисматига эътибор беринг. Бу кўҳна оилага ёпишган қарғишнинг таъсирини ўзлари сезмаган ҳолда узлуксиз давом эттиришади. Хатолар бир хиллигини кўриб ҳайратланасиз:
Фанга иштиёқ: Хосе Аркадио, Хосе Аркадио Сегундо ва Аурелиано Хосе;
Уй хўжалиги: Урсула ва Амаранта Урсула;
Гўзаллик: Ремедиос, Ремедиос гўзал ва Рената Ремедиос;
Жинсий алоқага доимий ташналик: Турли аёллардан ўн етти ўғил кўрган кичик Хосе Аркадио, полковник Аурелиано Буэндиа, Ребека, Аурелиано Сегундо, Аурелиано Бабилония ва Амаранта Урсула;
Яқин қариндошларга нисбатан шаҳват билан қараш, қизиқиш: Урсула ва Хосе Аркадио – амакиваччалар (никоҳ), кичик Хосе Аркадио ва Ребека — иккинчи амакиваччанинг жияни ва холаси (никоҳ), Аркадио ва Пилар – ўғил ва она (никоҳга уриниш), Аурелиано Хосе ва Амаранта — жиян ва хола (жинсий яқинлик), Аурелиано ва Амаранта Урсула – жиян ва хола (никоҳ);
Жангарилик туйғуси ва ҳокимиятга интилиш: полковник Аурелиано Буэндиа, Аркадио;
Қотилликка мойиллик: Амаранта Ремидиос қаҳвасига заҳар қўшиб қўяди, Ребека Хосе Аркадиони ўлдиради.
Бу авлод вакилларининг ҳаёт йўлларида кўзга ташланадиган нарса – юпун ёлғизлик. Барчаси ёлғиз туғилди, ёлғиз вояга етди, ёлғиз қарор қабул қилди, ёлғизликда умри поёнига етди. Асардаги ҳар бир тарихда, ҳар бир персонаж қисматида фақат муҳаббат ва ўзаро ҳурматгина бу ўтмиш пўпанакларидан халос бўлолмаган сулола қалбига оз бўлсада умид бериб турди. Бироқ бунинг ўзи камлик қилди. Тийиқсиз шаҳват балоси, ишратпарастлик, ахлоқсиз муносабатлар, ўзбилармонлик хонадондан чиқишга уринган тоза эътиқод нафасини кесди. Вақт қудрати олдида бош эгмаган, тақдиридан қочиб қутулолмаган, ички оламини иккиламчи эҳтиёжлар қуруми босган Буэндиа сулоласини ёлғизликнинг юз йили ўз домига тортиб кетди.
Асардан иқтибослар
– Исталган нарсада жон бор. Фақат унинг руҳини уйғота билиш керак.
– Яқин кишиси дафн қилинмаган ер одамни ўзига боғлолмайди.
– Буларнинг ҳаммаси шундай. Дастлаб мусичадек беозор бўлишади. Иягига тук чиқиши билан гуноҳга ботишади.
Қизиқарли фактлар
“Ёлғизликнинг юз йили”дан олдин Маркес испан тилида тўртта китоб нашр этган, улар кутилган натижани бермагач, асарлардан шунчалик ҳафсаласи пир бўладики, беш йил давомида ёзишни тўхтатади. Бироқ, у бошидаги қитмир фикрдан қутула олмайди: яна уриниб кўришга қарор қилганида, оиланинг ягона боқувчиси — хотини эди.
“Китобни тугатгунимча кетма-кет 18 ой давомида ҳар куни ёздим”, — дейди у интервьюларининг бирида. Қўлёзма шунчалик катта эдики, оила жамғармаси китобнинг фақат ярмини нашриётга жўнатишга қодир эди. Тасодифан, у иккинчи ярмини почта орқали юборворади. Ношир биринчи қисмини ўқишга шунчалик иштиёқманд бўладики, почта учун пул тўлайди.
Маркес самолётда учишни ёмон кўрган.
Маркес бир вақтлар болалар учун эртак ёзишга уриниб кўрган. Фарзандининг тавсияси билан бир эртакни ўқиб чиқади ва шу заҳотиёқ ниятидан қайтади: “Сен чиндан болаларни шунчалик аҳмоқ деб ўйлайсанми?”
Азизбек Юсупов
Изоҳ (2)
Ajoyib! Davomli bo'lsin shunday maqolalar.
Zoʻr asar. Tahlil ham juda yaxshi boʻlibdi. Qoyil