Ўзбекистонда ноширлик фаолияти ҳавас қилгулик даражада эмас. Китобхон бўляпмиз, деймиз-у, лекин аксаримиз айнан ношир ишига халал бераётганимизни ўйламаймиз. Бир китобни минг машаққат билан тайёрлаб, ўқувчига тутқизаётган, гоҳ моддий, гоҳи маънавий зарар кўраётган нашриётлар заҳматини ўша китобни нусхалаб ёки электрон шаклда «савоб учун» тарқатаётганлар ўзари билиб-билмай қонунни бузаётганлари — муаллифлик ҳуқуқини поймол этаётганларини яхши тушунишса-да, буни тан олгилари келмайди.
«Дарё» ўзбек ноширлари юртимиздаги муаллифлик ҳуқуқини қандай баҳолаши, қонунга риоя этишда кимлар ёки нима асосий таянч бўлиши, муаммолар қандай бартараф этилиши хусусида «Академнашр», «Ҳилол Нашр», «Янги аср авлоди» нашриётлари, Asaxiy Books каби китоб лойиҳалари вакилларидан жавоб олди.
Санжар Назар, «Академнашр» нашриёти директори, ношир
«Бизда китоб нархи унинг саҳифалари миқдорига қараб белгиланади. Бу нотўғри»
Муаллифлик ҳуқуқи масаласи ноширлик соҳасининг устунларидан биридир. Китобнинг асоси — асар. Муаллиф истеъдоди, тафаккури, тажрибаларини ўзида жамлаган турли асарлар китоб ҳолида чоп этилади. Илм, ижод, истеъдод машаққати ва қадри учун тўланадиган ҳақ муаллифлик ҳаққи ҳисобланади. Унга боғлиқ ҳуқуқларнинг бари эса муаллифлик ҳуқуқи бўлиб, у китоб чоп этилганда ҳам ҳимоя қилинишда давом этади.Аслида ҳар бир китобнинг дунёга келиши муаллиф билан музокаралардан бошланиши керак. «Академнашр»да муаллиф-у, таржимонлар билан шу қоида асосида ишлаб келмоқдамиз. Қалам ҳақларининг тўланиши, муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилинишига жиддий эътибор қаратилади.
Нашриётимизда деярли барча таржима асарлари муаллифлик ҳуқуқи олинган ҳолда чиқарилади. Имкон қадар арзонга олишга ҳаракат қиламиз. Чунки Ўзбекистонда китоб нархи ривожланган мамлакатлар билан қиёсланганда, анча арзон. Биз оладиган ҳуқуқ нархи туфайли китобларимизнинг бозордаги нархи бошқаларникидан жиддий фарқ қилмаслиги керак.
Маълумот учун: Муаллифлик ҳуқуқи асарларнинг кенг турдаги креатив, интеллектуал, артистик шаклларида намоён бўлиши мумкин. Улар қаторига шеър, тезис, саҳна ва бошқа адабиёт асарлар, фильм, хореографик асар (рақс, балет), мусиқий композиция, аудио ёзув, расм, чизма, ЭҲМ дастурлари, радио ва телекўрсатувлар ва бошқалар киради.
Шунинг учун биз муаллифлик ҳуқуқи қиммат турадиган китобларни сотиб олмасликка ҳаракат қиламиз. Масалан, «Гарри Поттер» жуда қиммат туради. Уни ўзбек бозорига олиб кирмоқчи бўлган одам муаллифнинг ўзига бир дона китоб учун 50 ёки 70 минг сўмдан тўлаб беришига тўғри келади.
Дейлик, сотиб олинди ҳам. Устига таржима ва нашр харажатлари қўшилиб, китоб чидаб бўлмас даражада қимматга айланади. Шуларни назарда тутган ҳолатда арзонроқ йўлларини топишга ҳаракат қиламиз. Ўта қиммат китоблар, қуруқ бесцеллерларга харидор бўлмаймиз.
Биздан энг катта қалам ҳақи олган муаллиф китоби учун 200 миллион сўмга яқин даромад кўрди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Китоб сотилишда, қалам ҳақи тўланишда давом этмоқда ва якунда сумма бир неча баробар кўп бўлиши тайин.
Маълумот учун: Муаллифлик ҳуқуқи — инглизчада copyright ғоя (фикр) ёки маълумотнинг маълум бир кўринишдаги ифодаланишини тартибга солувчи ҳуқуқлар мажмуидир. Улар асосан чекланган муддатли бўлади. Муаллифлик ҳуқуқи белгиси © бўлиб, баъзи бир манбаларда қўшимча равишда (c) ёки (C) билан ҳам ифодаланиши мумкин.
«10 йиллар аввал муаллифларга қалам ҳақи тўласак, устимиздан кулишарди»
«Академнашр» нашриёти 2010 йилдан муаллифлик ҳуқуқига қатъий амал қилишни бошлаган. Ўшанда бу масалага жиддий қаралмас, қалам ҳақи тўлаш деган тушунча унутилаёзган эди. Биз ҳеч қурса, арзимаган миқдорда бўлса-да, беришга ҳаракат қилганмиз.Бошқа нашриётлардан «Ортиқча дахмазанинг нима кераги бор, қонунда бўлгани билан у ишламаса, биров сўрамаса, бошингни ортиқча оғритиб нима қиласан?» деган мазмунда муносабат бўлар, орқаворотдан шунга ҳам бошини оғритиб турибди, деб кулишарди. Аммо ўзим ижодкор бўлганим учун бу масалага енгил қарай олмаганман.
Орадан 10 йиллар ўтиб вазият ўзгарди. Айниқса, 2021— 2022 йилдан бу масалага кўп нашриётлар эътибор бера бошлашди. Шу йили март ойида Туркияда муаллифлик ҳуқуқлари савдоси бўйича музокаралар учун ўтказиладиган «Истанбул 7-Халқаро ноширлар ҳафталиги» бўлиб ўтди. Унда сон жиҳатдан мезбон Туркиядан кейин иккинчи ўринда Ўзбекистон ноширлари бўлишди.
15 та нашриёт иштирок этди. Бу нашриётлар учун халқаро доирадаги муаллифлар билан келишувга эришиб, муаллифлик ҳуқуқларини сотиб олиш учун майдон ҳам бўлди. Бу ҳам нашриётларнинг муаллифлик ҳуқуқига муносабати ўзгарганининг яққол исботи.
Маълумот учун: Муаллифлик ҳуқуқи бўйича муносабатлар ҳар бир давлатга хос қонунлар ва халқаро конвенциялар билан тартибга солинади. Ўзбекистонда «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунда муаллифлик ҳуқуқлари мезонлари белгилаб берилган. Интеллектуал мулк агентлиги томонидан эса улар тартибга солиниб, назорат қилиб турилади.
«Улар муаллифликнинг — тафаккур ва истеъдоднинг қотилларидир»
Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя қилиниш даражаси ҳаминқадар. Билишимча, мамлакатимиз Бутунжаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиши учун энг катта тўсиқлардан бири — интеллектуал мулк ҳимоясидаги камчиликларимиз. Бу борада дунёдаги аҳвол энг ёмон бўлган 23 мамлакатдан бири ҳисобланарканмиз.Муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши кўп учрайди. Яқинда бир китобни таржима қилаётиб, таржимон ҳуқуқ эгаси билан гаплашса, Ўзбекистон учун ҳали бўш, беришимиз мумкин деганди. Кейин бирдан билиб қолдикки, бу китоб уч йилдан бери Ўзбекистон бозорида сотилаётган экан. Қайсидир нашриёт муаллифнинг рухсатисиз китобни нашр этган.
Муайян бир китобнинг сохта, қароқчи нусхалари чиқиб кетиши авж олган. Баъзан китобингиздан нашр маълумотларини олиб ташлаб чиқаришса, гоҳида тамғаларингиз, нашр маълумотларингиз билан қўшиб сохта нусха босишади.
Улар муаллифликнинг — тафаккур ва истеъдоднинг қотилларидир. Бу каби ҳолатларга тўқнаш келганимизда музокара йўли билан муаммони бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Андиша, ишончсизлик сабаб бирор ишни ҳали судгача олиб бормадик.
Ўзгартириш учун ривожланган, масалан, Европа давлатларининг тажрибасини ўрганишимиз мумкин. Аввало ҳаракат қуйидан, манфаатдор томон ўлароқ муаллиф-у, ноширларнинг ўзларидан бошланмоғи керак. Ҳозирча бу борада сал ёввойироқ жамиятга ўхшаб кетамиз.
Фируз Аллаев, Asaxiy Books лойиҳаси асосчиси
«Халқаро стандарт бўйича ишлашга ҳаракат қиламиз»
Нашриётларда таржима ҳуқуқини сотиб олиш билан юрист шуғулланади. Одатда муаллифларнинг муаллифлик ҳуқуқи билан шуғулланувчи агенти бўлади. Бирор китоб танлангач, ҳуқуқшунос аввал нашриёти таржима қилмоқчи бўлган тили, дейлик, ўзбек тили учун муаллифлик ҳуқуқи бўш ёки бўш эмаслигини текширади. Агар бўш бўлса, музокара бошлайди.Улар бир-бирига нархлар борасида ўз хоҳиш-у, фикрларини билдиришади. Китоб нечта нусхада, қачон чиқиши, таржимани ким қилиши ҳақида маълумотлар тақдим этилади. Муаллиф тараф эса ундан китобини сўраётган нашриётнинг мақсади қанчалик жиддийлиги, шу пайтгача нималарни чиқарганини текшириб, талабгорга қай даражада ишониш мумкинлигини текшириб олади.
Агар икки тараф бир-бирининг хоҳиш-шартларини қабул қилса, электрон шартнома тузилади. Муаллиф тўловнома тақдим этади. Нашриёт томонидан банк орқали расман декларация қилиниб, тўлов амалга оширилади. Шу билан иккинчи тараф муаллифлик ҳуқуқини олади ва китоб чиқариш жараёнини бошлаши мумкин. Фақат муаллифга нечта китоб, қандай ҳолатда чоп этилгани тўғрисида доимий маълумотларни бериб боради.
Asaxiy Books лойиҳаси доирасида қоидасига кўра, ҳар бир таржима асарни муаллифидан расман рухсат олиб чоп этамиз. Фақатгина жамоатчилик мулкига айланганлари бундан мустасно.
Одатда Ғарб давлатларида иш шу қоида бўйича кетади. Айрим жойларнинг ўз маҳаллий қоидалари бўлиб, фарқланиши мумкин.
Ўзимизнинг ўзбек тилида ижод қиладиган ёзувчилар билан ҳар қайси нашриёт турлича шартнома қилиши мумкин. Билишимча, бизнинг нашриётлар кўпинча битта нашрга бир марталик шартнома қилади. Шунинг учун битта ёзувчининг китобини баъзида ўн марталаб турли хил нашриёт чиқариш ҳоллари учрайди. Asaxiy Books лойиҳасида халқаро стандарт бўйича ишлашга ҳаракат қилмоқдамиз.
Масалан, Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» асари учун маълум йилни келишдик. Шу муддатда китоб фақат бизда чоп этилади ва ҳар бир сотилган китобдан муаллифга 10 фоиз миқдорида гонорар тўлаб турамиз. Яхши тарафи — муаллиф асари учун бир мартагина қанчадир миқдорда сумма олмайди-да, ҳар китоби чиққанда унга маълум пул келиб туради. Қолаверса, муаллиф биз билан шартнома муддати тугагандан кейин, бошқа нашриёт билан ҳамкорлик қилиб бу китобидан яна даромад топа олади.
«Китобларга кетган харажатларни қопламасимиздан қалбакилаштириб сота бошлашади»
Контрафакт маҳсулотлар кўплаб нашриётлар сингари бизни ҳам беҳаловат қилади. 2021 йилда Уолтер Айзексон қаламига мансуб «Стив Жобс» асарининг қалбакилаштирилган вариантлари чиқиб кетди. «Стив Жобс» катта китоб, 250 миллион сўмдан ортиқ харажат кетган. Ҳали-бери қоплай олганимизча йўқ. Бунинг учун китоб келгусида ҳам анча вақт сотилиши керак.Ҳолат бўйича Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилдик. Улардан китоб ҳимояси бўйича яхши реакция бўлди. Тушунтириш ишлари олиб боришди. Ўзимиз эса ушбу китобни сотадиган дўконлар билан бир неча бор гаплашиб сохта китобларни чиқараётганлар кимлигини аниқладик.
Тошкент вилоятидаги «Қуёшли» китоб бозори орқали тарқатилаётган экан. Фақат топилганда улар ишни тўхтатиб бўлишган эди. Қўлимизда айтарли далил қолмагач, судгача боришнинг имкони бўлмади. Бироқ шу ҳаракатлар билан асарнинг сохта вариантлари чиқиши ва сотилишини тўхтатишга эриша олдик.
Яна бир ҳолат ҳали келажакда чиқарадиган старт-аплар учун муҳим бўлган «Zero Plan» билан содир бўлди. Китобнинг муаллифлик ҳуқуқи Asaxiy Books лойиҳасига тегишли бўлса ҳам, биз чиқаришимиздан олдин бошқа бир нашриёт таржима қилиб, нашр этаётганини билиб қолдик.
Бунда музокара йўлини танладик. Уларга ҳуқуқ аслида бизга тегишли экани, сотиб олиш учун маблағ сарфлаганимизни айтдик. Муаммони тинч ҳал қилиш йўли эса ўша нашриёт китоб нашрини тўхтатиши эди. Шу пайтгача чиқарган китобларини ўзимизнинг сайтимизда сотишимиз, шунда икки тарафга ҳам жиддий зарар етмаслигини таклиф қилдик. Тушунишди.
Хоҳ таржима, хоҳ муаллифлик асари бўлсин, битта китобнинг чоп этиб чиқарилиши бир неча юз миллионга тушиши мумкин. Сиз бу ёқда жонингизни жабборга бериб миллионлаб харажат билан бир китобни чиқарасиз, бошқа тарафда эса қоғоз ва чоп этишгагина пул сарфлаган кимдир асарнинг сохта вариантини чиқариб олади. Кам пул ишлатилган маҳсулот арзонга сотилиши эса табиий. Иккаласи ҳам мавжуд бозорда кўп харажат кетган маҳсулотингиз эмас, арзонроқ варианти танланади. Бундан катта миқдорда молиявий зарар кўрасиз.
Бу фақат бугун қайсидир нашриётга етказилган зарар эмас. Келажак учун ҳам зарар. Чунки бирор маҳсулотни сохталаштириш янгиликлар, инновацияларни ўлдиради.
«Маҳсулотни сохталаштириш инновацияларни ўлдиради»
Asaxiy Books лойиҳаси муаллифлик ҳуқуқига жиддий қарайди. Ўз фаолиятимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилмасдан туриб, ривожланолмаймиз. Аввало бир нарсани англаб олишимиз керак — хусусий ёки давлат нашриёти бўлишидан қатъи назар, бу бизнес. Бизнес эгаси бир маҳсулотини чиқариб сотади, ундан кўрган фойдасини эса ўзининг операцион харажатларига сарфлайди.Бунда ходимларнинг ойлигидан тортиб, бино ёки солиқ пулларини тўлашгача бўлган маблағлар киради. Агар шу бизнес фойда олиш у ёқда турсин, харажатлариниям қоплолмасдан зарарга кириб кетадиган бўлса, тинчгина фаолиятини тўхтатади. Китобларда муаллифлик ҳуқуқининг ҳимояланмаслиги ҳам нашриётлар учун анча йўқотишларга сабаб бўлади.
Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи бўйича умумий ҳолат ёмон. Тўлиқ ҳимоя қилинган, назоратга олинган соҳа эмас. Исталган одам битта китобни сканер қилиб, интернетда текинга тарқатиб юбориши мумкин.
Абдулвоҳид Саттиев, «Ҳилол Нашр» нашриёти директори
«Маълум шартлар эвазига муаллифлик ҳуқуқини текинга ҳам оламиз»
«Ҳилол Нашр» нашриётида чоп этиладиган барча китоблар муаллиф билан келишилган ҳолда чиқарилади. Айрим муаллиф ёки нашриётлар маълум шартлар эвазига бу ҳуқуқни бепулга ҳам тақдим этишади.Диний таржима асарлар бўйича Мисрнинг «Дорус Салом», «Дорул Ғавсоний», «Дорул Маърифа», «Дорул салсабил» нашриётлари билан ҳам ҳамкорлигимиз бор. Улар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳурматлари ҳамда «Ҳилол Нашр» нашриёти Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада қилаётган хизматларини инобатга олиб, китобларидаги муаллифлик ҳуқуқларини текинга тақдим этишган. Фақат бир қанча шартлари бор.
Масалан, «Дорул Ғавсоний» ва «Дорус Салом» нашрларининг бирорта ҳам ҳарфини ўзгартирмай чиқаришимиз, кичик хато ўтиб кетса ҳам катта жарима тўлашимиз шартини қўйишган. «Дорус Салом» билан ҳамкорлик уч йилда бир берилади. Ҳар бир қилинган нашрдан «Дорус Саломга» жўнатиб турамиз. «Дорул Маърифа» нашриётининг «Тажвидли Мусҳаф»игагина қалам ҳақи тўлаймиз. У ҳам бошқа нашриётларга нисбатан анча арзонга.
«Саҳиҳ ул Бухорий», «Саҳиҳ ул Муслим», «Ҳидоя» асарларининг ўзбек тилига таржимаси чиқарилганда муаллифлик ҳуқуқи учун ҳеч кимдан рухсат олмаганмиз. Сабаби, уларнинг ёзилганига минг йиллар бўлган ва жамоат мулкига айланган.
«Диний-маърифий нашрларга рухсат камлиги китобларнинг сохталаштирилишига сабаб бўлган»
Қалбаки китоблар бўйича, афсуски, жуда кўп муаммоларга учраганмиз. Мисол учун, «Бахтиёр оила» китобининг қалбакилаштирилган варианти Татаристондан Қирғизистонга 5500 ададда кириб келаётганда бизга маълумот етказилган ва ўша жойда ушланган.Одамлар бундай қалбаки китобларни чиқаришининг маълум сабаблари ҳам бор эди. Авваллари нашриётимиз учун нашрга бериладиган рухсат сони камлиги, қолаверса, босмахонанинг кучи кўп эмаслигидан кам китоб чиқаришимизга тўғри келарди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китоблари, айниқса, «Бахтиёр оила»га талаб жуда катта бўлган. Қондирилмагач, одамлар китоблардан турли кўчирмалар қилиб чиқара бошлашган.
Уларнинг асл варианти билан таққослаганда фарқлари яққол ажралиб туради. Лекин буни харидорлар фарқига бормасдан сотиб олиш эҳтимоли юқори бўлган. Қачон шундай ҳолатларга дуч келсак, ўз вақтида прокуратура, Савдо департаменти, Солиқ қўмитасига хабар қилганмиз.
Улар ўзига яраша ишларни олиб борган. Афсуски, ҳаммаси ҳам муваффақиятли якунланмаган. Бунинг асосий сабаби қалбакилаштирилган маҳсулотларда ҳатто Диний қўмита томонидан бериладиган голограммалар ҳам қалбакилаштирилиб, ёпиштирилган бўлган. Буни соҳа мутахассиси бўлмаган одамнинг ажратиши қийин бўлади.
«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра:
Асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирор-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Муаллифнинг розилигисиз унинг асарини безаклар, сўзбоши, хотима, шарҳлар ёки бирон-бир тушунтиришлар билан нашр этиш тақиқланади.
Яқин ҳамкорларимиздан бу китобларни сотмасликлари талаб қилганмиз. Вазият шуни тақозо этганидан ҳатто сотган тақдирларида ўзимизда чиқадиган китобларни уларга бошқа бермаслик шарти билан қўрқитганмиз ҳам. Шу билан бир қанчалари қалбаки китоблардан воз кечган. Лекин таъсир қилмаганлари ҳам бўлар, айрим дўконлардан 20-30 талаб сохта китобларни йиғиштириб олиб келардик. Бу каби ҳолатлар бизга жиддий зарар етказган.
«Савоб деб китобларни тарқатишади, аммо бу бировнинг ҳақига хиёнат эканини билишмайди»
Китобларнинг қоғоз шаклини ё сканерлаб бошқа йўллар билан PDF шаклида тарқатиш ҳоллари ҳам бегона эмас. «Бахтиёр оила», «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» каби 10 дан ортиқ китобларимиз PDF шаклда турли Telegram каналлари, гуруҳлари орқали тарқатилганига гувоҳ бўлганмиз.Бу каби муаммоларга индивидуал ҳолатда ишлайдиган одамларимиз ҳам бор. Ўша гуруҳ ё каналларига бу нашриётнинг мулки эканини айтиб боғланамиз. Шунда уларнинг аксари «Ҳамма ҳам китобни сотиб олиб ўқиёлмайди, китобни тарқатиш савоб-ку», дейишади. Китобларга сарфлаган меҳнат ва маблағимизни келтириб, уларни бу тарзда тарқатиш бизга катта зиён келтиришини тушунтирганимизда 99 фоиз ҳолатда узр сўраб, билмаганликларини айтиб, ўчиришади.
Айримлар «Ҳамма тарқатган, мен ягона эмасман-ку!» дейишади. Улар нашриёт рухсатисиз тарқатгани, «Ҳилол эБоок» дастури орқали электрон китобларни ўқиш PDF’дан кўра анча қулайлигини тушунтирамиз.
«Интеллектуал мулк агентлигидан оладиган патентимиз ҳам бизни ҳимоя қилолмайди…»
«Ҳилол Нашр» нашриёти бундай муаллифлик ҳуқуқларининг бузилишига салбий муносабатда. Нафақат ўзимиз, балки бошқа нашриётлар учун ҳам қайғурамиз. Муаллиф бир асарни қанчадир умри, вақти ва соғлиғини кетказиб ёзади. Ортида қанча машаққат борлигини фақат китоб муаллифларининг ўзигина ҳис қилади, холос. Муаллиф нашрга берганда асар китоб ҳолатига келтирилиб, дўконларга боргунигача нашриётлар қанча меҳнат қилади? Ҳаммаси шу билан тугаб қолмай, китобхоннинг қўлига боргунча савдо, маркетингга оид ишлар ҳам қилинади.Бу жуда катта жараён. Шунча ишни қилганингизда кимдир савоб учун ёки инсонларнинг илмли бўлишига ҳаракат қилиб тарқатяпман дейиши жуда оғриқли.
Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқининг ҳимояланишини паст баҳолаймиз. Исталган соҳани олинг, янгича маҳсулот чиқса ва яхши сотилса, ҳамма ўшанинг қолипини олиб чиқара бошлайди. Аммо сифати асл маҳсулотникидан пастроқ бўлади. Одамларда танлов имконияти йўқолади. Аслини ажратолмайди. Фойдаланганда сифатсиз товарга нисбатан эътибор ва ишонч камаяди. Ўз-ўзидан яхши сифатда чиқарган дастлабки одам бундан жабр кўради.
Биринчи ишлаб чиқарган инсоннинг маҳсулоти патентланиб, бошқаларга қандайдир чекловлар қўйилса, бундай ҳолатлар кузатилмайди. Интеллектуал мулк агентлиги берадиган маълумотнома ҳам ҳам бизни қароқчилардан асролмайди. Агентлик вакилларидан улардан оладиган маълумотнома бизни қандай ҳимоялашини сўраганимизда, сиз пул тўлаб маълумотнома олганингизни билан бу бўладиган нохушликлардан сизни ҳимоялай олмайди дейишган.
Шундан кейин биз ўзимизда чиққан китоблар, айниқса, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларига патент ёки маълумот олишдан воз кечгандик.
Достонжон Тожиев, «Янги аср авлоди» нашриёти Маркетинг бўлими менежери
«Янги чиққан китоб ҳақида эълон берсангиз, PDF’ини сўраб изоҳлар ёзишади»
«Янги аср авлоди нашриёти» шу йили март ойида Туркияда бўлиб ўтган «Истанбул 7-Халқаро ноширлар ҳафталиги»да иштирок этиб, 100 га яқин китобларга муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартнома тузди. Уларнинг тенг ярми Буюк Британия энциклопедик китоблари, болалар адабиётлари бўлди. Бундан ташқари Туркиянинг бир қатор кўзга кўринган нашриётлари, Эроннинг болалар тарбиясига оид бўлган китоблари учун ҳам муаллифлик ҳуқуқини олдик. Ҳозир уларнинг таржима ишлари бошланган.Ўзбек адабиётидан Комил Синдоровнинг детектив асарлари, Иброҳим Ғофуров таржимасидаги Достоевский, Чингиз Айтматовнинг бир қатор асарларининг контрафакт нусхалари чиқиб кетди. Китобнинг юзи, муқоваси ўзгартирилган, аммо ички кўриниш, дизайнлари бизнинг китобимиз бир хил бўлган ҳолатда босиб чиқариб сота бошлашган. Таққосласангиз, сувтекинга сотишаётганига гувоҳ бўласиз. Бу бизнинг зараримизга ишламоқда.
Бугун одамлар орасида ғалати синдром шаклланган. Ижтимоий тармоқларимизда китобларимиз ҳақидаги пост остига «Китобнинг PDF вариант йўқми?», деб ёзишади. Ўқиб туриб бир ўйланасиз, бир асабийлашасиз. Бугунгина нашрдан чиққан китобнинг PDF’ини бирдан сўрашлари биз учун эриш туюлади.
Илм улашаман деб китоблар ҳақида блог юритувчи одамлар томонидан ўша китобларнинг PDF ёки аудио вариантлари тарқалиб кетади. Биласиз, ижтимоий тармоқларда PDF қилинган файлни биридан бошқасига ўтказиш ва тарқатиш эркин, ҳам жуда осон. Бундай ҳолатлар нашр этган китобимизни сотиб тугата олмаслигимиз, кўпларининг эса омборларда чанг босиб қолиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Асарнинг PDF варианти чиққанда қоғоз китобга бўлган талаб жуда тез сўнади. Сабаби, PDF вариантли электрон китоб оғирлик туғдирмайди ва телефонингизга йиллар давомида сақланиб қолиши мумкин. Китоб эса баъзида одамларга кўтариб юришга оғирлик қилади.
«Муаллиф ва таржимон билан боғлиқ бўлмаган турли майда ҳужжатлар сўрашганидан судларда ютқазганмиз»
«Янги аср авлоди» нашриёти котрафакт маҳсулотлар, китобларини ҳар хил кўринишда тарқатишга қарши тўхтовсиз кураш олиб бормоқда. Қарши даво аризалари киритмоқдамиз. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўладики, айнан суд ё прокуратурага мурожаат қилган пайтимизда улар томонидан турли ҳужжатлар сўралади. Бизнинг китоб муаллифи ёки таржимони билан келишув қилиб тузган шартномамиз бўлиши мумкин, лекин баъзи бир ҳолатларда сўралаётган ҳужжатларнинг ўзи ҳеч қачон икки ўртада келишилмаган ва тузилмаган бўлади.Масалан, Комил Синдоровнинг бир асари учун дизайнернинг китоб дизайнини мен қилганман деган, яна бир бошқа китобда муҳаррирнинг бу китоб таҳририни мен қилганман деган ишонч ҳужжатини сўрашган. Бу суд жараёнида бизнинг минусимизга ишлаган.
«Ижодкор ўз ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимояланганини билсагина хотиржам ёзаверади»
Нашриётимизга асарларини топшираётган муаллиф ё таржимонлар билан суҳбатлашсам, китобимнинг электрон варианти тарқалиб кетмайдими деб қайта-қайта сўрашади. Муаллиф ва таржимонлар билан қилган шартномаларимиз ҳам ҳар доим қудратли кучга эга бўлавермайди.Китобхонлик, муаллифлик ҳуқуқи кафолатланган, ҳимояланган давлатлар, дейлик, Буюк Британия, Туркияда муаллифлар ҳеч бир ҳадиксиз янги асарлар яратаверишади. Кузатадиган бўлсангиз, туркиялик бир қатор замондош адибларнинг йигирма-ўттизлаб китоблари бор. Бу улар ҳар томонлама ҳимояга эгалигидан, бемалол, қўрқмасдан ижод қилаётгани белгисидир.
Туркияда китоб нашр этиладиган пайтда агар китобнинг муаллифлик ҳуқуқи бўлса, муаллифлик томонидан, таржима асар бўлса, таржимон томонидан нашриётларга берилади. Туркиядан чиққан муаллифнинг китобининг таржима ҳуқуқини биз ўзбекистонликлар ҳеч қачон муаллифнинг ўзи билан гаплашиб ололмаймиз.
Айнан маълум нашриётга мурожаат қилиб, нашриётнинг розилиги билан, уларга тўлов қилиб олишимиз мумкин. Бу нашриётларнинг обрўси, қудратини ҳам оширадиган нарса. Қолаверса, муаллиф-у, таржимонлар ҳуқуқи ўзи бирга ишлаётган нашриёт томонидан ҳимояланган бўлади.
Хоҳ йирик, хоҳ ўрта, узоқ ёки бир неча йиллик тажрибага эга бўлсин, ҳар бир нашриёт вакилининг дардлари, фаолиятидаги тўсиқлари умумий. «Академнашр» директори Санжар Назар бежиз: «Муаллифлик ҳуқуқининг бузилишига исталган кўзи очиқ одамнинг муносабати ўта салбий бўлиши керак. Бу муаллифликни, фикрни, кашфиётни ўлдириш, муаллиф фаолиятига дахл қилиш билан баробар. Муаллиф асардан фойда кўрмаса, ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаса, асар яратишдан совийди. Ёки камида иштиёқсиз, янги ва яхши асарлар яратишга бефарқроқ бўлиб қолади», демаган. Қонун ишласа, икки томон манфаатлари ҳимоя қилинса, «савобталаблар»га қатъий чора кўрилса, муаммонинг бўртган томонлари сал юмшаб, вазият ўнгланишига ҳеч бўлмаганда умид уйғонади.
Изоҳ (0)