Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик алоқа координатори Жон Кирбининг айтишича, Қўшма Штатлар, ҳатто дефолт бўлган тақдирда ҳам, молиявий йил охиригача (30 сентябргача) Украинага ёрдам бериш имкониятини сақлаб қолади.
Брифингда жаноб Кирбидан дефолт юзага келган тақдирда Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатадими ёки йўқми, деб сўралган.
“Украинани қўллаб-қувватлашга келсак, бу ўтган йили Конгресс томонидан бизга ажратилган маблағларга боғлиқ. Биз бу маблағлардан ҳамон фойдаланмоқдамиз ва бу ишни жорий молиявий йил охиригача давом эттириш имкониятига эга бўламиз”, — деб тушунтирди жаноб Кирби.
АҚШнинг давлат қарзи ҳозирда 31,4 триллион долларни ташкил этади. Молия вазирлиги шошилинч чоралар кўрмоқда, чунки қарз олиш лимитига аллақачон эришилган, акс ҳолда дефолт эълон қилинади.
АҚШ президенти маъмурияти Конгрессдан давлат қарзи чегарасини оширишни талаб қилди, бироқ Конгресс қуйи палатасини назорат қилувчи республикачилар бунга қарши: улар давлат қарзи чегарасини оширишга қарши эмас, фақат давлат харажатлари камайтирилсагина буни амалга ошириш мумкин деб ҳисоблашмоқда.
Изоҳ (0)