Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги дипломатик ваколатхонасига ўзбекистонлик мигрант келиб, хотинини ўлдирганини тан олди. Бу ҳақда “Фонтанка” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, 11 май куни соат 10:00 ларда Санкт-Петербург шаҳрининг Красноармейская кўчасида жойлашган консуллик назорат-ўтказиш пунктига 22 ёшли йигит келган. У хотинини ўлдиргани ва унинг жасади Муринодаги ижарага олинган квартирада ётганини айтган.
Полиция Санкт-Петербургда ноқонуний яшаётган Ўзбекистон фуқаросини консулликда қўлга олган. Жиноят қидирув бўлими ходимлари Мурино шаҳридаги хонадонга етиб келиб, у ерда 19 ёшли аёл жасадини топган.
Тахминларга кўра, аёл бўғиб ўлдирилган. Ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Апрель охирида Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик эркак вояга етмаган қизга жинсий зўравонлик қилгани, март ойида бўлса Россияда одам ўлдирган ўзбекистонлик мигрант 13 йилга қамалгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)