Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов номзоди президентликка номзод сифатида партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун маъқулланди, деб хабар беради ЎзА.
Маълум қилинишича, 12 май куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда 2023 йил 9 июль куни ўтказилиши белгиланган Ўзбекистон президенти сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг иштироки тўғрисида масала муҳокама этилган.
Ўзбекистон президентлигига партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган Улуғбек Иноятов номзоди партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун маъқулланган.
11 май куни Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаевни Ўзбекистон президенти лавозимига номзод этиб кўрсатиш бўйича қарор қабул қилинганди.
Изоҳ (0)