АҚШ президенти Жо Байден фикрича, Қўшма Штатларда дефолт бўлса, дунёнинг барча давлатларини иқтисодий муаммолар кутмоқда. Унинг таъкидлашича, бу ҳолатда гап АҚШнинг жаҳон иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўлган ишончли ҳамкор сифатидаги обрўсини сақлаб қолиш ҳақида кетмоқда.
“Агар бизда дефолт бўлса, бутун дунё муаммоларга дуч келади”, — деди Байден Нью-Йоркда давлат қарзи бўйича қилган чиқишида.
“Ишончли ҳамкор сифатида Американинг катта машаққат билан қўлга киритган обрўсини ҳимоя қилиш бўйича кўп мунозаралар кетмоқда”, — деди АҚШ президенти. “Бу нафақат Америка иқтисодиёти учун, балки бутун дунё учун ҳам катта аҳамиятга эга... Ҳозир рецессияга қараб кетадиган, миллионлаб иш ўринлари, Американинг жаҳон саҳнасидаги мавқеини хавф остига қўядиган вақт эмас”, — деди Жо Байден.
АҚШ молия вазири Жанет Йеллен 1 май куни Вакиллар палатаси раҳбарларига йўллаган мактубида, агар давлат қарзи чегараси оширилмаса, Ғазначиликнинг мавжуд ресурслари 1 июнгача тугаши мумкинлигини айтди. Бундай ҳолда, АҚШ жорий йилнинг ёзида давлат қарзи бўйича дефолтга дуч келади.
Изоҳ (0)