Тошкент метрополитени “Беруний” бекатида ички ишлар ходими фуқароларни жинсига қараб ажралган ҳолда навбатда туришни сўрагани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда “Беруний” бекатида ички ишлар ходими томонидан эркаклар ва аёллар алоҳида навбатда турилиши сўралган шаклдаги маълумотлар тарқалмоқда.
Метрополитен матбуот хизматининг ёзишича, ушбу маълумот ҳеч қандай ҳақиқатга тўғри келмайди ва ИИВ ходими лавозим йўриқномасига амал қилган ҳолда касса олдида жамоат тартибини сақлаш бўйича ўз фаолиятини олиб борган.
“Шунингдек, йўловчиларимиздан бу каби ёлғон маълумотларни ўзаро тарқатмасликни ҳамда ёлғон маълумотларни тарқатганлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишини маълум қиламиз”, — дейилади муносабатда.
Апрель ўрталарида ижтимоий тармоқларда 43-сонли йўналишдаги автобус салонида аёллар ва эркаклар учун махсус жой ажратилганини тарғиб қилувчи эълон жойлаштирилгани акс этган танқидий фото тарқалганди. “Тошшаҳартрансхизмат” ҳолатга муносабат билдириб, ҳолат “8-Автобус саройи” филиали тасарруфидаги, сарой рақами 433-бўлган Isuzu’да аниқланган ҳамда автобус салонидаги мазкур эълон тезкорлик билан олиб ташланган.
Изоҳ (0)