Покистондаги мактаблардан бирида юз берган отишмада камида 7 нафар ўқитувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Расмийларга кўра, ҳодиса Афғонистон билан чегарадош Куррам қабилавий округининг Парачинар ҳудудида содир бўлган. Қотиллик сабаблари ҳақида ҳокимият томонидан бир-бирига қарама-қарши бўлган маълумотлар келтирилган.
Провинциянинг бош вазирлиги баёнотида айтилишича, бу мулкий можаро билан боғлиқ, бироқ вилоят комиссари ҳодисага мазҳаблараро қарама-қаршилик сабаб бўлганини илгари сурмоқда.
Отишма содир бўлишидан олдин сунний мазҳабидаги ўқитувчи отиб ўлдирилган. Шундан сўнг оммавий отишма бошланган ва 7 нафар шиа мазҳабидаги ўқитувчи ҳалок бўлган.
“Иккинчи воқеа биринчисига нисбатан реакциями ёки йўқ, аниқ эмас”, — дейилади хабарда.
Қабилалар округи аҳолисининг кўпчилиги шиалардан иборат бўлиб, улар маҳаллий “Толибонъ ҳаракатининг сунний жангарилари томонидан тез-тез ҳужумга учраши айтилган. Маҳаллий полиция воқеаларни ўрганар экан, қўшимча маълумот тўплаётганини айтди.
Изоҳ (0)