“ПСЖ” футболчиси Лионель Месси “Лорян”га қарши учрашувдаги мағлубиятдан (1:3) кейин Саудия Арабистонига учиб кетди. Бу Париж клуби раҳбариятига ёқмади ва футболчи 2 ҳафтага четлатилди.
“ПСЖ” 30 март, якшанба куни Франция чемпионати 33-турида “Лорен”га қарши майдонга тушди ва 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Жамоа ҳужумчиси Лионель Месси тўлиқ ўйин ўтказди. Учрашувдан бир неча соат ўтиб аргентиналик футболчи Саудия Арабистонига учиб кетди.
Бироқ учрашувда фақат ғалаба ёки дуранг натижа қайд этилсагина, Мессининг Саудияга сафарига рухсат берилганди. Жамоа мураббийи Кристоф Гальтье ва спорт директори Луиш Кампуш футболчини бу бўйича огоҳлантиргани маълум бўлди.
Хабарларга кўра, “ПСЖ” аргентиналик футболчини 2 ҳафтага четлатишга қарор қилди. Шунингдек, 35 ёшли ҳужумчи жамоа машғулотларида ҳам икки ҳафта қатнашмайди. Клуб раҳбарлари Месси катта хатога йўл қўйган деб ҳисобламоқда. Лео Франция чемпионати доирасида “Труа” ва “Аяччо”га қарши ўйинларни ўтказиб юборади. Париж клуби Мессига четлатилган муддат учун маош тўламайди.
Маълумотларга кўра, футболчи Саудия Арабистонига учиб кетиш учун “ПСЖ” раҳбариятидан рухсат олмаган. Бу клуб президенти Носсир ал-Ҳелайфига ёқмаган.
ЛъЭқуипе нашрига кўра, Париж клуби аргентиналик футболчи билан шартномани узайтирмасликка қарор қилди. Мессининг шартномаси 2022/23 йилги мавсум охирида якунига етади. Бу вақтда футболчига Саудиянинг “Ал-Ҳилол” жамоасидан жиддий қизиқиш бўлмоқда. Клуб Лео билан 2023 йилнинг ёзида шартнома имзолашга ҳаракат қилади.
Шунингдек, Мессининг собиқ жамоаси “Барселона” ҳам аргентиналикнинг қайтишига ишонмоқда. RMC Sport хабарига кўра, каталон клуби молиявий чекловларга қарамай, Лео билан шартнома имзолайди.
Аввалроқ Лео “Барселона”дан таклиф бўлиши биланоқ уни қабул қилиши ҳақида хабар берилган. Шунингдек, “кўк-анорранглилар” мураббийи Хави ҳам Мессининг Каталония жамоасига қайтишига ишониши маълум қилинганди.
Изоҳ (0)