Россия президенти Владимир Путин Россия фуқаролигини қабул қилмаган фуқароларни аннексия қилинган Украина ҳудудларидан келажакда депортация қилиш имконини берувчи фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Украина фуқаролари ўзини ДХР (Донецк халқ республикаси) ва ЛХР (Луганск халқ республикаси) деб эълон қилган ҳудудлар паспортларини олиши ё Россия фуқароси бўлиши керак. Акс ҳолда фуқароликни қабул қилмаслик истагини билдиришлари керак бўлади.
Охирги вариантни танлаганлар 2024 йил 1 июлдан бошлаб хорижлик ҳисобланади ва шунга кўра аннексия қилинган ҳудудлардан чиқариб юборилиши мумкин.
Фармоннинг алоҳида банди Россиянинг “миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи” шахсларни депортация қилиш билан боғлиқ. Россияда “конституциявий тузум асосларини зўравонлик билан ўзгартириш” тарафдори бўлган, террорчилик ва экстремистик фаолиятни молиялаштираётган ёки “рухсат этилмаган” ҳаракатларда иштирок этаётган қўшиб олинган ҳудудлар аҳолиси депортация қилинади ва мамлакатга кириши тақиқланади.
Изоҳ (0)